Bu qiziq

ДАВЛАТ БОЖИ ТУШУНЧАСИ ВА УНИ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ

Давлат божи-давлатнинг махсус ваколатли идоралари (суд, ички ишлар бўлимлари, давлат хизматлари марказлари, нотариал ҳамда суғурта идоралари ва б.) томонидан фуқаролар, корхоналар, ташкилот ва муассасалар манфаатлари йўлида хизмат кўрсатганлик ҳамда юридик аҳамиятга молик ҳужжатлар (паспорт, турли гувоҳномалар, сертификат, лицензия ва бошқалар) берганлик учун ундирадиган пул йиғимларидир. Ўзбекистонда давлат божии Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига асосан белгиланади.

Ушбу Қонун 2020 йил 6 январь куни қабул қилинган  бўлиб, қонун жами 31 та моддадан ҳамда унинг иловаси бўлган “Давлат божи ставкаларининг миқдори”дан иборатдир.

Шу ўринда кимлар давлат божини тўловчилар ҳисобланишини қайд этсак.Ваколатли муассасаларга ва (ёки) мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган ва ўзига нисбатан юридик аҳамиятга молик ҳаракат ва (ёки) ҳужжатлар бериш амалга ошириладиган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилардир(қонунга асосан давлат божидан озод этилган (имтиёзга эга) шахслар тоифаси белгиланган).

Мазкур қонуннинг 25-моддасига мувофиқ, давлат божининг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ундирилиши ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўз вақтида ўтказилиши устидан назорат «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Давлат божини белгилаш, ундириш, ундан озод қилиш ва уни қайтариш соҳасидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Бу жараёнда қонубузилишларни келиб чиқишини олдини олиш мақсадида давлат солиқ идоралари томонидан ўрганишлар ўтказилиб борилади ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 06.02.2023 йилда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”гиЎРҚ–816-сонли Қонуни билан айрим қонун ҳужжатлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага мувофиқ, ҳайдовчилар тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича лицензия учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Шунингдек, ҳайдовчиларни тайёрлаш учун лицензияни Ички ишлар вазирлиги беришини инобатга олган ҳолда бошқа нодавлат таълим фаолиятини лицензиялаш устунида ҳайдовчиларни тайёрлаш истисно эканлиги белгилаб ўтилди.

Давлат божи маълум бир кўрсатилган хизмат ҳамда юридик аҳамиятга молик ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган йиғим ҳисобланади ҳамда жамиятда юзага келаётган эҳтиёждан келиб чиқиб, уни ундириш тартиби ва миқдори ўзгариб боради ва бу қонунчиликка тегишли ўзгартириш (ёки қўшимча) киритиш орқали амалга оширилади.

Ҳулоса сифатида қайд этиш лозимки, божларнидавлат бюджетига ундирилишини инобатга олиб, ҳар бир ваколатли идора уни белгилаш, ундириш, ундан озод қилиш ва қайтариш тартибига қатъий риоя этиши муҳимдир.

Абдураим Қиличев

Термиз туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири

Related Articles

Back to top button