Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида истиқомат қиладиган С. Султонов исмли шахс Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевни ҳақорат қилганлиги борасида турли хабарлар тарқалган эди.
Депутат ўз Telegram каналида юқоридаги ҳолат бўйича суд бўлиб ўтганлигини билдирди ва қуйидагиларни ёзиб қолдирди:
“Ҳақорат бўйича иш судда кўриб чиқилди. Кеча жиноят ишлари бўйича Бойсун тумани судида фуқаро С. Султоновнинг мени ҳақорат қилганлигига доир иш кўриб чиқилди. Мен ЖИБ Юнусобод тумани судидан онлайн иштирок этдим.
Суд С.Султоновни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига асосан БҲМнинг ўттиз баравари (9 млн сўм) миқдорида жаримага тортиш ҳақида қарор қабул қилди.
Якунида менга фуқаролик суди орқали ҳуқуқбузар С.Султоновдан маънавий зарар ундиришим мумкинлиги тушунтирилди.Ҳақорат жавобгарликка сабаб бўлади, ҳақоратдан тийилайлик!” – деган депутат.