Касбим-фахрим

Ёшлар кунида “Ангор” ҳам ёшаргандек бўлди

30 июннинг ёшлар куни сифатида мамлакатимизда кенг нишонланиши эртамиз эгалари бўлган навқирон авлодга қаратилган юксак эътибор ва мустаҳкам ишонч намунасидир. Зеро, бугунги ёшлар эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучларидир.

Айнан шу санада Ангор туман Давлат хизматлари маркази биносининг фойдаланишга топширилишида ҳам ўзига хос маъно мужассам. Зеро, ушбу салобатли ва шинам масканда кўрсатилаётган тезкор ва қулай хизматлар ҳам халқимизнинг Давлат хизматлари агентлиги, провардида жамиятда юз бераётган ислоҳотларга бўлган ишончини ортишига хизмат қилади.

Ангор туман ДХМ биносининг фойдаланишга топширилиши ангорликлар учун катта байрам тадбирига айланиб кетди. Унда иштирок этган вилоят ҳокими бошчилигидаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар марказ биносида яратилган шароитларни кузатиб бир қувонишган бўлса, ўзгача дизайн асосида қад ростлаган 2 қаватли масканнинг замонавийлик уйғунлашган салобатини кўриб қурувчилар маҳоратига тасаннолар айтишди.

Айниқса, тадбир иштирокчиларидан бирининг таъбири билан айтганда энди Ангорда ҳеч ким йўлдан адашиб, кўзлаган манзилини тополмай овора бўлмайди. Негаки, бирор бир танишига қўнғироқ қилиб давлат хизматлари маркази ёнидаман деса суҳбатдоши қайси томонга қараб юриши мумкинлигини ДХМ биносидан мўлжал олиб аниқ тушунтириб бериши мумкин. Ростдан ҳам Давлат хизматлари марказининг янги биноси Ангор марказида қад кўтарган энг маҳобатли бинолардан бирига айланди.

Ушбу масканда ташриф буюрувчилар электрон қурулма орқали навбатда туришлари, монитор орқали навбатлари келгани маълум қилинганидан сўнг, тегишли оператор ёрдамида қисқа муддатда давлат хизматларини олишлари мумкин. Бу вақтга қадар маданий ҳордик чиқаришлари учун масканда мўжазгина кутубхона, фарзандлари билан келган ота-оналар учун болалар майдончаси ҳам ташкил этилган. Бу эса ўз-ўзидан фуқаролар учун кўплаб қулайлик ва имкониятлар яратади. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, тадбиркорлар қабулхонаси шу жойда жойлашган бўлиб, тадбиркорлар ва фуқаролар кўплаб муаммоларига шу масканнинг ўзида жавоб топишлари мумкин.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Ангор туман ДХМ томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида 11 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлиб, ушбу янги марказ биносида кунига 300-350 нафар фуқароларга тезкор хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар мужассам.

Бир сўз билан айтганда Сурхондарё вилоятида Давлат хизматлари марказларининг 9- янги биноси ҳам юртдошларимизга хизмат кўрсатишни бошлади.

ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси

Related Articles

Back to top button