Hodisalar

Бухоро вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи пора олаётганида ушланди

Бухоро вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи, 53 ёшли Қ.Р. карантин қоидаларига риоя қилинмаганлиги ҳолати юзасидан жарима тайинламаслик эвазига пора олаётганида ушланган. Бу ҳақдаги маълумотни Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Дарё»га тасдиқлади.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Бухоро вилояти бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган (воқеадан бохабар бошқа манба маълумотига кўра, тезкор тадбир 7 ноябрь куни ўтказилган).

Унда вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи Қ.Р. «О.» компанияси раҳбари М.дан Бухоро шаҳар ИИБ томонидан карантин қоидаларига риоя қилинмаганлиги ҳолати юзасидан расмийлаштирилган далолатнома бўйича жарима тайинламаслик эвазига 400 доллар ва 500 минг сўм пора талаб қилиб олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

«Мазкур ҳолат юзасидан Қ.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми ‘в‘ банди (тамагирлик йўли билан пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», — дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан «Дарё»га тақдим этилган ахборотда. Бу модда бўйича айбдор деб топилганлар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Аввалроқ, 4 ноябрь куни Бухорода вилоят Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи Ашур Тўхтаев ўғлининг тўйини Бухоро шаҳридаги «Ипак йўли» тўйхонасида карантин қоидаларига зид равишда ўтказгани маълум бўлган эди (тўй 25 октябрь бўлиб ўтган; кейинчалик, тўй ҳақида жамоатчилик хабар топгач, вилоят Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи 5 ноябрь куни 4,46 миллион сўм миқдорида жаримага тортилган, бироқ тўйхонага чора кўрилмаган эди).

Ўшанда ҳолат юзасидан Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси раҳбари Қамбар Расулов «Дарё»га изоҳ бераркан, «Ипак йўли» тўйхонасидаги ҳолатлардан бехабар эканлигини билдириб, соҳани ислоҳ қилиш бўйича 2020 йил июль ойида қабул қилинган ҳужжатлар сабабли, вилоятдаги тўйхоналарга 30 нафардан ошмаган киши билан тўй ўтказишга рухсат берилгани бўйича тавсия хати етказилмай қолганини маълум қилган эди.

Related Articles

Back to top button