Hodisalar

“ҲУДУДИЙ ГАЗ ТАЪМИНОТИ” СУРХОНДАРЁ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРЛАРИ, ҲАВОГА УЧИБ КЕТАЁТГАН ГАЗНИНГ ПУЛИНИ КИМ ТЎЛАЙДИ?

Шўрчи тумани “Жойилма” маҳалласида яшовчи фуқаро У.Шарипов билан учрашиб қолдик. У киши Шўрчи туман газ корхонасига бориб, уйининг ёнидан ўтган газ қувури тешилиб бир неча йилдан бери газ ҳавога чиқиб ётганлигини, газ идорасига бориб қувурни пайванд қилиб ямашларини илтимос қилганлигини, лекин газ идораси ходимлари фақат ваъда бериб газ қувурини таъмирламаётганлиги ҳақида куюниб гапирди.

Биз Усмон бобонинг гапларига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмасдан у киши айтган манзилга етиб бордик. Не кўз билан кўрайликки, Усмон бобонинг уйи газ тармоғига уланмаган, лекин шундай уйнинг ёнгинасидан ўтган занглаб, чириб, ишлатишга яроқсиз бўлиб қолган газ қувурининг бир неча жойидан газ катта босим билан ҳавога чиқиб ётибди.

Усмон бобо газ қувури бундан аввал ҳам бир неча жойидан тешилиб қолганлигини, газ идораси усталари келиб таъмирлашганлигини, лекин қувур чириб қолганлиги сабабли яна тешилиб қолганлигини айтди.

Газ қувури ҳеч қандай устунга ўрнатилмаган, баъзи жойлари деворларига маҳкамланган, баъзи жойлари эса тупроқда кўмилиб занглаб ётибди. Энг ачинарли томони шундаки, ҳар бир тешикдан ҳавога чиқиб ётган газ ҳар қандай оилани тўлиқ таъминлай олади.

Қизиғи шундаки, ҳавога сизиб чиқиб кетаётган газнинг пули кимдан ундирилади? Ахир кунлар, ойлар, йиллар давомида қанча газ ҳавога учиб кетаётганлигини ҳеч ким ҳисоблагани йўқ-ку!

Лекин барибир кимдир бу газнинг пулини тўлайди!

Қишнинг совуқ кунлари ҳавога учиб кетаётган газни ва шу қувурнинг ёнида газ тармоғига улана олмай сарсон бўлиб юрган Усмон бобонинг кампири Гулнора момо ўчоққа ўтин ёқиб сув иситаяпти.

“Дарё бўйида чанқоқ” ўзбегим момолари, “Шўрчи туман газ” корхонаси раҳбарлари ҳавога учиб кетаётган газни ҳам Сизларга раво кўрмабди-да…

И.Алимов

Related Articles

Back to top button