Маданият

Тўғри гап туққанингга ёқмайди ёхуд “Андижоннома” газетасидан 100 миллион сўм миқдорида товон пули талаб қилган даъвогарнинг талаби қондирилмади

Халқ сўзи ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Андижон вилояти ҳокимлиги нашри “Андижоннома” газетасини судга берди. Бунга журналист Қобилжон Асқаровнинг газета саҳифаларида чоп этилган иккита мақоласи сабаб бўлди.

Журналистнинг газетанинг 2018 йилнинг 21 август кунги сонида “Ҳар баҳорда шу бўлар такрор… ёки эртани ўйламай ташланган қадам”, 24 октябрь кунги сонида эса “Эгар қайда, узанги-чи?” сарлавҳали мақолалари эълон қилинган эди.

Уларда пиллачилик соҳасидаги муаммолар, тармоқни ривожлантириш борасида йўл қўйилаётган шошмашошарликлар тилга олинган бўлиб, ўз ўрнида Андижон туманида фаолият юритувчи, пиллани қайта ишлаш корхонаси бўлмиш “Andijan silk.Co” қўшма корхона шаклидаги масъулияти чекланган жамияти шаънига ҳам бир қанча танқидий фикрлар билдирилганди.

“Мақолада келтирилган маълумотларнинг 90 фоизи ҳақиқатдан йироқ”, дея даъво қилган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси “Andijan Silk. Co” қўшма корхонаси манфаатини кўзлаган ҳолда “Андижоннома” газетасини судга берди ва 100 миллион сўм товон пули талаб қилди. Ушбу масала Андижон туманлараро иқтисодий судида судья Ҳасанбой Мамарасулов томонидан ўрганиб чиқилди. Суд иши жараёнида ҳар икки соҳага оид ҳукумат қонунлари ҳамда қонуности ҳужжатларида белгиланган меъёрларга амал қилинди ва даъвогарнинг даъвоси асоссиз, деб топилди.

Халқимизда “Тўғри гап туққанингга ёқмайди” деган гап бор! Матбуотнинг вазифаси кимнингдир салбий жиҳатларини халққа ошкор этиб, унинг шаънини булғаш эмас, балки мавжуд муаммоларни юзага чиқариб, ижобий ечимини топиш, шу орқали мамлакат тараққиётига хизмат қилишдан иборатдир. Қолаверса, “Дўст ачитиб гапиради”. Шундай экан, ҳар бир танқидий мақолага эътироз билдириш эмас, балки унда кўтарилган мавзу юзасидан тегишли чора-тадбирларни кўриш, матбуотни эса душман сифатида эмас, балки дўст каби кўриш муҳимроқдир.

Related Articles

Back to top button