Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ривожлантириш бўйича режаларини баён этди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни номзоднинг вилоят бўйича ишончли вакили Т.Поёнов очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Бу дастур иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган ўнта устувор йўналишдан иборат.

— Қашқадарё тўғрисида ўйлаганимда, бугунги учрашувга тайёргарлик кўрганимда, мени энг кўп қийнайдиган масала – бу ҳудуд аҳолисига муносиб ҳаёт, тўкин дастурхон ва доимий даромад манбаларини таъминлаб бериш, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис номзоднинг беш йиллик дастурида 400 мингта иш ўрни яратиш энг асосий мақсад этиб белгиланган. Бунинг учун тадбиркорликни ривожлантириш, йирик корхоналар инфратузилмасидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Жумладан, вилоятдаги йирик саноат корхоналари ёнида 75 та янги кичик саноат зонаси очиб, 25 мингта доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шунингдек, Қарши аэропорти яқинидаги 120 гектар майдонда саноат технопарки ташкил этиш 10 мингта иш жойи очиш имконини беради.

Қашқадарёда кўпчиликнинг даромади қишлоқ хўжалигига боғлиқ. Шу боис дастурда бу соҳани ривожлантириш, маҳсулотларни кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Уруғлик ва навларни яхшилаш, қишлоқ хўжалиги техникаларини янгилаш, ерларни сув билан барқарор таъминлаш чоралари белгиланган. Хусусан, Қарши насос станциялари каскадини реконструкция қилиб, 400 минг гектар майдоннинг сув таъминотини яхшилаш мўлжалланган.

Номзод инвестиция ва экспорт соҳаларидаги режаларини ҳам айтди. Қайд этилганидек, келгуси беш йилда саноат тармоқларида қарийб 10 миллиард долларлик 2 мингдан зиёд катта-кичик лойиҳалар амалга оширилади ва 150 мингта янги иш ўринлари яратилади.

Хусусан, янги кимё кластери ташкил этилиб, жами 2,7 миллиард доллар бўлган 12 та лойиҳа амалга оширилади. Нишон, Касби, Миришкор ва Яккабоғ туманларида тўқимачилик корхоналари очилади. Қурилиш материаллари тармоғида 740 миллион долларлик 430 та, озиқ-овқат саноатида 320 миллион долларлик 185 та лойиҳа бажарилади.

Умуман айтганда, келгуси беш йилда Қашқадарё вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 60 триллион сўм ажратилади.

Номзоднинг дастурида аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиш, саломатлигини яхшилаш бўйича ҳам кўплаб режалар белгиланган. Жумладан, келгуси беш йилда тоза ичимлик суви билан таъминот даражасини 47 фоиздан 80 фоизга етказиш мўлжалланган.

Жорий йилдан бошлаб, “Боғдод тажрибаси” асосида уйлар, саноат корхоналари ва ижтимоий инфратузилмани ўз ичига олган Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилиши таъкидланди. “Тошкент-Термиз” автомобиль трассасининг 60 километр қисми ва ички йўллар таъмирланиши айтилди.
Тиббиёт, таълим, маданият, спорт соҳаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Шавкат Мирзиёев учрашув қатнашчилари, туман студияларидаги сайловчилар билан суҳбатлашди. Улар вилоятни ривожлантириш имкониятлари, жойлардаги муаммолар бўйича фикрларини билдирди. Номзод аҳоли таклифларини ўз дастурига киритиш ва амалга оширишга ваъда берди.

Related Articles

Back to top button