Hodisalar

Сардоба воқеасида гидрометеорологик факторлар сабабчи (ми?)

Сардоба сув омборида юз берган ҳалокатнинг илк куниданоқ сув омбори тўғони бузилишига кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақида давлатимизнинг асосий ахборот қуроли бўлмиш, «Ўзбекистон 24» телеканалидаги янгиликлар дастурида маълум қилинди.
Хўш, кучли шамол ва ёмғир сув омбори тўғони бузилишида сабабчи бўла оладими? Ушбу важни кўриб чиқамиз.
Фалокатда гидрометеорологик факторлар таъсирини ўрганиш учун биринчи навбатда метеорологик мониторинг натижаларида олинган маълумотларга таянамиз. Сув омборига энг яқин бўлган метеорологик станция бу — Янгиер метеорологик кузатув станциясидир. У сув омборидан 27 км узоқликда жойлашган. Гидрометеорологик маълумотларни олиш учун Наманган Гидрометеорология бўлими раҳбари Erkin Abdulaxatovга мурожаат қиламиз:
30 апрел кечаси шамолнинг тезлиги 12 м/с, 27 апрел кечаси (Воқеадан 3 сутка олдин) 17 м/с, воқеа пайтида шамол тезлиги 2 м/с бўлган. Кузатувлар тарихида шамолнинг максимал тезлиги станцияда 36 м/с бўлган. Бу 2 м/с ёки бир кун олдинги 12 м/с сув омбор юзасида тўлқинлар ҳосил қилиши учун важ бўлмас. Майли, бу у даражада катта шамол тезлиги бўлмаса-да, 3 сутка олдин тўлқинларни ҳосил қилган ҳолат сув омбори дамбаси деворларига 3 суткадан сўнг таъсир кўрсатадими? Мантиқ йўқ. Мен билмайман, лойиҳада Узгидрометдан маълумот олинган олинмаганлигини, лекин шамол важи ўта телбаларча айтилган.
Ёмғир… Бир сутка олдин ва кечаси ёмғир ҳақиқат кўп ёғган. 45 мм. Бу 67,4 км² майдонга эга сув омбор юзасига бор йўғи 2,7 млн м³ сув тушганини англатади. Умумий ҳажми 900 млн м³ ҳажм сувни ўзига сиғдира оладиган сув омбор учун бу қиймат(0,3%) қандай таъсир этиши мумкин? Бу ҳам ўзини 100% оқламайди.
Сардоба сув омбори сув олиш сиғими 922 млн м³ бўлиб, сув омбор сув олиш манбаси канал ҳисобланади. Каналдаги сувни доим жиловласа, бошқарса бўлади. Бу сув омбор сой ёки сел ўзани сувларидан сув олмаслигини инобатга олсак, қандайдир ташқи муҳитдан сув оқими(сел-сув тошқини) хавф туғдирмайди. Сув омборнинг майдони 60,7 км²ни ташкил этади.
Янгиер метеорологик кузатув станциясининг кузатув натижаларини келтириб ўтамиз:
28 апрел станцияда максимал 17 м/с тезликда шамол эсган. Ёғингарчилик кузатилмаган.
29 апрел соат 08:00 дан 30 апрел соат 08:00 гача кундуз ва кечаси умумий 45 мм ёмғир ёғган.
30 апрел соат 08:00 дан 1 май соат 08:00 оралиқда кундуз ва кечаси ёғингарчилик кузатилмаган. Шамол максимал 8 м/с тезликда эсган. Воқеадан олдин шамол тезлиги 10 соат давомийликда максимал бор йўғи 2 м/с бўлган.
Янгиер кузатув станцияси маълумотларидан ташқари интернет орқали бошқа алтернатив маълумотларни ҳам топиш мумкин. Масалан, www.meteoblue.com. Ушбу сайт орқали воқеа содир бўлган ердаги Гидрометеорологик маълумотларни 26 апрел ва 3 май оралиғи учун кўриб чиқамиз. Сайтдаги маълумотлардан кўришингиз мумкинки, 30 апрел куни шамол тезлигининг максимал қиймати 10 м/с соат 18:00 – 19:59 вақт оралиғида кузатилган. Воқеа содир бўлган вақтда шамол фактори ўта хавфсиз бўлган.
Метеорология, умуман қишлоқ-халқ хўжалиги, саноат-қурилиш соҳаларида шамолнинг максимал тезлиги сониясига 15 метрдан юқориласа, хавфли метеорологик ҳодиса саналади. Лекин, у даражада катта талофатлар юзага келмайди. Бу критерия иҳтиёрий стратегик объектлар доим тайёр туриши керак. Агарда, шамол тезлиги сониясига 24 метрдан кучайса, авиацияда учқичлар парвози вақтинча бекор қилинади. Шамол тезлиги сониясига 30 метрдан юқориласа, ўта хавфли метеорологик ҳодиса кузатилиб, бунда аниқ қандайдир фавқулодда ҳолатлар юзага келади.
Хулоса
1. Шамол тезлиги критик қийматдан анча паст бўлган. Шамол важи ишончли эмас.
2. 3 кун давомида ёғган ёмғир миқдори сув омбори ҳажмининг 0.3 % миқдорини ташкил қилади. Бу қиймат тўғонга таъсир қиладиган босимни сезиларли равишда оширмаслиги керак. Чунки иншоотларда мустаҳкамлик захираси (запас прочности) деган тушунча бор. Одатда мустаҳкамлик заҳраси иншоот мўлжалланган қийматдан 50 % миқдорида кўп қилиб олинади. Айтайлик бирор кичик кўприкча 1000 тонна юк кўтаришга мўлжалланса, уни мустаҳкамлик захирасини ҳисобга олиб, 1500 тонна юкка мўлжаллаб қуришади. Шундай бўлса-да, 1000 тонна юк учун эксплуатация қилишади. Шу сабабли, агар сув омборининг тўғони қурилишида барча нормалар бажарилган бўлса, 0.3 % қўшимча босим фалокатга олиб келмаслиги керак.
Рустам Ашуров, ёш физик олим

Related Articles

Back to top button