Bu qiziq

СУДДА ФУҚАРОНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ

Бугунги кунда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди.

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида бу борадаги хайрли ишларни изчил давом эттириш ва юқори босқичга кўтариш билан боғлиқ инсон қадри бош мезон сифатида намоён этилган.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Термиз  туманлараро судига даъвогар Бахром Соатов(исм,шарифлар ўзгартирилган) даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ўзига нисбатан чиқарилган буйруқни бекор қилиб, ишга тиклаш ва меҳнат стажини тиклашни сўраган.

Аниқланишича, даъвогар Бахром Соатов илгари Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси алоҳида йўл-патруль хизмати отряди тўртинчи сафарбар гуруҳ йўл-патруль хизмати инспектори вазифасида ишлаб келиб, вилоят ИИБ бошлиғининг 2013 йилдаги шахсий таркиб бўйича тегишли буйруғи билан “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идораларида хизматни ўташ ҳақида”ги Муваққат Низомнинг 69-моддасига асосан, яъни хизматда қолишга нолойиқ ҳатти-ҳаракатларни содир этганлиги учун хизматдан бўшатилган.

Даъвогар томонидан юқорида қайд этилган мазмунда киритилган даъво ариза фуқаролик ишлари бўйича Термиз  тумалараро суди томонидан кўриб чиқилиб, унинг хизматда қолишга нолойиқ ҳатти-ҳаракатларни содир этганлиги учун хизматдан бўшатилганлиги, унга нисбатан жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукми чиқарилганлиги, даъвогар кейинчалик реабилитация этилиб, оқланган бўлса-да, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгунга қадар  ўз лавозимидан озод этилганлиги сабабли даъвогарнинг даъво талабининг асосини реабилитация билан боғлиқ эмас деб баҳолаб, даъвогарнинг даъвоси суднинг ҳал қилув қарорига кўра   қаноатлантиришдан рад қилинган.

Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан даъвогар томонидан келтирилган апелляция шикояти асосида ушбу фуқаролик иши вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида кўрилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилинган ва даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Гарчи, жиноят ишлари бўйича судининг ҳукми билан даъвогар Бахром Соатов жиноят содир қилганликда айбли деб топилган бўлса-да, мазкур ҳукм  Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими  асосида бекор қилиниб, даъвогар Бахром Соатов айбсиз деб топилиб, оқланган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканлиги нуқтаи назаридан хулоса сифатида айтиш мумкинки, Янги Ўзбекисоннинг Тараққиёт стратегиясида мамлакатимиз инсон қадрини юксалтириш борасида келгуси беш йиллик учун муҳим вазифа ва мақсадларни белгилаб олган бўлиб, уларни амалга ошиши учун эса ҳар биримиз масъулдирмиз.

Таъкидлаш керакки, судда Бахром Соатовнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди ва энди у ўз касбини давом эттиради.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси                                                     

Related Articles

Back to top button