Ўзбекистон

Бош қомусимизнинг яратилиш тарихи ва бугуни

Мамлакатимиз барча фуқароларининг бутун ҳақ-ҳуқуқлари Конституцияда белгилаб қўйилган. Бугун осойишта заминимизда виждон эркинлиги, тенг ҳуқуқлилик инсонпарварлик ғоялари асосида бахтиёр инсонлар умургузаронлик қилиб келмоқда. Асосий Қонунимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни чоғда шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Мамлакатимиз ҳудудида амал қилиб келган илк консититутцияларга назар ташлар эканмиз буларга мисол қилиб Бухоро Халқ Совет Республикаси Конституцияси 1922 йилда қабул қилинган. Бундан кейин, Ўзбекистон ССР Конституцияси 1937 йил 14 февралда қабул қилинган бўлиб 40 йилдан ортиқ вақт давомида амал қилган. Ушбу Конституция 13 та боб ва 146 та моддадан иборат бўлган.

Шунингдек, 1978 йил 19 апрелда СССРнинг 1977 йилдаги Конституцияси модели асосида тузилган Ўзбекистон ССРнинг сўнгги Конституцияси қабул қилинган. Ушбу Конституция 11 та боб ва 183 та моддадан иборат бўлган.

Шундан сўнг,илк бор мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ўн иккинчи чақириқ Олий Кенгашнинг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган. Ушбу Конституция 6 та бўлим, 26 та боб ва 128 та моддадан иборат. 1991 йил 12 апрелда бўлиб ўтган Конституциявий комиссия йиғилишида 32 кишидан иборат ишчи гуруҳ — етакчи мутахассислар ва олимлардан иборат таркибда тузилган.Ушбу Консититутцияни яратишда  Конституциявий комиссия қарийб 2,5 йилдан ошиғроқ Квақт давомида мазкур Конституцияни ишлаб чиқиш билан шуғулланган.

Конституциянинг бўлимларини тайёрлаш учун 50 кишидан иборат 6 та кичик гуруҳлар ташкил этилган. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон давлат мустақиллиги эълон қилингандан сўнг ушбу қонунга конституциявий мақом берилган. Қолаверса, манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, асосий Қонунимиз Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакатда тўплаган илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб яратилган.

Шу ўринда Суверен Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини тайёрлаш, муҳокама этиш, қабул қилиш ва унинг амал қилиши йўлидаги 10 та ҳуқуқий қадамни бу борадаги энг муҳим тарихий воқеалар сифатида санаб ўтиш лозим. Зотан, Конституцияни яратиш тарихи – бу мустақиллик учун курашнинг узвий таркибий қисмидир.

Конституцияни яратиш йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир.

Конституцияни яратиш йўлидаги иккинчи ҳуқуқий қадам – Президентлик институти таъсис этилиши ва янги давлат рамзларини тайёрлаш бўйича комиссия тузилиши билан боғлиқ.

Конституцияни яратиш йўлидаги учинчи ҳуқуқий қадам –“Мустақиллик декларацияси”нинг эълон қилинишидир.Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган “Мустақиллик декларацияси”нинг 8-бандида Ўзбекистон “ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди ва давлат белгиларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади” деган қоида мустаҳкамланган.Декларациянинг 12-бандида эса ушбу ҳужжат республиканинг “янги Конституциясини ишлаб чиқиш учун асос” бўлиши қайд этилган.Ўшанда бундай мазмундаги ҳужжат собиқ иттифоқ ҳудудида биринчи бўлиб Ўзбекистонда қабул қилинган эди.

Конституцияни яратиш йўлидаги тўртинчи ҳуқуқий қадам –Конституциявий комиссиянинг ташкил этилишига бориб тақалади.Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди. Биринчи Президентимиз Конституциявий комиссия иш бошлаши билан мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳатларини ва хусусиятини муносиб равишда акс эттирадиган, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, жаҳон тажрибасини, демократия ва энг ривожланган мамлакатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни инобатга оладиган асосий Қонун лойиҳасини тайёрлашга бевосита раҳбарлик қилди.

Конституцияни яратиш йўлидаги бешинчи ҳуқуқий қадам – Биринчи Президентимизнинг Ҳиндистонга 1991 йилги ташрифи билан чамбарчас боғлиқ.Айтиш керакки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил 17-19 август кунлари “Ҳиндистон Республикасига расмий ташрифи Ўзбекистон Президентининг хорижга қилган биринчи мустақил – тарихий ташрифи эди”. Юртбошимиз Ҳиндистонда бўлган бир пайтда – 19 август куни ўзини “Давлат фавқулодда ҳолат қўмитаси”, яъни ГКЧП деб атаган бир гуруҳ сиёсий авантюристларнинг давлат тўнтаришини содир этишга қаратилган мурожаати эълон қилинди. Афсуски, Ўзбекистон раҳбарининг сафарда эканидан фойдаланиб, ГКЧПнинг ноқонуний қарорларини қўллаб-қувватлайдиган раҳбарлар юртимизда ҳам топилди. Тарих буни яхши эслайди. Бу воқеаларнинг давоми “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобининг сўзбоши қисмида шундай баён этилган:“Президент Ислом Каримов ГКЧП эълон қилинганини Аграда эшитиб, 19 август куни зудлик билан Тошкентга қайтади. Тошкент аэропортида Юртбошимизни расмий кишилардан ташқари, Туркистон ҳарбий округи бош қўмондони ҳамда Марказдан келган 3 нафар генерал кутиб олади. Бу ўша пайтдаги мавжуд расмий протокол қоидаларига мутлақо зид бўлиб, тагдор сиёсий маънога эга эди.Ислом Каримов аэропортдан тўғри ҳукумат биносига келиб, кечқурун ҳукумат аъзолари билан учрашади ҳамда Ўзбекистон ССР ҳудудида ГКЧПнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ҳақида кўрсатма беради. Шу тариқа ГКЧП гумашталари Ўзбекитстон ҳукумати номидан қабул қилган барча ҳужжатларни бекор қилади”.Яқин ўтмишнинг бу воқеаларини эслаш ва эслатишдан муддао эса янги Конституциямизни яратиш йўлидаги курашлар мустақиллик учун курашнинг узвий, ажралмас қисми эканлигини эътироф этишдан иборат.

Конституцияни яратиш йўлидаги олтинчи ҳуқуқий қадам – Давлат мустақиллигининг эълон қилинишидир.Мамлакатимиз раҳбарининг 1991 йил 31 августда, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида сўзлаган нутқи, айниқса, ўша нутқдаги: “Мен шу бугундан эътиборан 1 сентябрни республикамизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман”, деган оташин сўзлари Ватанимиз тарихига олтин ҳарфлар билан мангуга ёзилгандир. “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди. Ундан бўлажак Конституциянинг ўзак қоидаларини ўзида акс эттирган бир қатор муҳим моддалар жой олди. “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва унинг қонунлари устундир. Ўзбекистон Республикаси Давлат идораларининг тизими ҳокимиятни қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятига ажратиш тартиби асосида қурилади” (5-модда).Бу Конституциявий қонун Асосий Қонунимиз қабул қилингунига қадар, яъни 1992 йил 8 декабргача биз учун кичик Конституция вазифасини бажариб турди.

Конституцияни яратиш йўлидаги еттинчи ҳуқуқий қадам – 1991 йил 29 декабрда Президент сайлови ва Давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдумнинг ўтказилишига тааллуқли. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва Республика давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдум 1991 йил 29 декабрда бўлиб ўтди.

Халқ давлат мустақиллигини қўллаб овоз берди ва Президентни сайлади. 1992 йил 4 январь куни Олий Кенгашнинг ана шу сайлов ва референдум якунларига бағишланган тўққизинчи сессияси очилди. Сўнгра Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини бажаришга киришиш тантанали маросими бўлди. Ушбу сессияда Ўзбекистоннинг ўша пайтда амалда бўлган Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Маҳаллий ҳокимият органларини қайта тузиш тўғрисида қонун қабул қилинди.

Конституцияни яратиш йўлидаги саккизинчи ҳуқуқий қадам – биринчи Конституция лойиҳасининг илк бор матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинишидир.Конституциявий комиссия бажарилган ишни маъқуллади ва 1992 йил 8 сентябрда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилишга қарор қилди. Ушбу йиғилишда лойиҳани охирига етказиш ва таҳрир қилиш учун ишчи гуруҳ тузилди. Янги Конституциянинг биринчи лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрь куни тайёр бўлди ва шу куни матбуотда чоп этилди. Бу очиқ-ошкора муҳокамалар 1992 йилнинг сентябрь ойи охиридан декабрь ойи бошларигача фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, ижодий кўтаринкилиги руҳида ўтди ҳамда Ўзбекистонда демократия ривожининг самарали ва амалий мактаби бўлди. Матбуотда, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда қизғин баҳс-мунозаралар бўлди. Кўплаб учрашувлар ўтказилди, Конституция лойиҳасига доир масалалар бўйича суҳбатлар, анжуманлар ташкил қилинди. Конституциявий комиссияга фикр-мулоҳазалар билдирилган 600 тага яқин хат келиб тушди. Республика матбуотининг ўзида Конституция лойиҳасига бағишланган юздан ортиқ материаллар эълон қилинди. Фуқароларимиз билдирган таклифлар сони 5 мингдан ошиб кетди.

Конституцияни яратиш йўлидаги тўққизинчи ҳуқуқий қадам – Конституция лойиҳасининг иккинчи марта матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинишидир.Конституция лойиҳаси ўтказилган муокамалар давомида келиб тушган таклифлар асосида анча тузатилди ва қайта ишланди.

Сўнгра, 1992 йил 21 ноябрда умумхалқ муҳокамасини давом эттириш учун Конституция лойиҳаси иккинчи марта газеталарда чоп этилди.

Конституцияни яратиш йўлидаги ўнинчи ҳуқуқий қадам –Конституция лойиҳасининг қабул қилинишидир.Конституциявий комиссия томонидан 1992 йил 6 декабрда Конституция лойиҳасиохирги марта муҳокамаэтилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциявий комиссия хорижий конституциявий тажрибага мурожаат қилиб, асосий Қонуннинг ролини яхлит тушунишдан келиб чиқди. Бунда жаҳон конституциявий тажрибасинининг бир қатор илғор жиҳатлари ҳисобга олинди. Конституция лойиҳаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби демократик давлатлар мутахассисларининг синчков экспертизасидан ўтди. Айниқса, Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродасини аниқлаш ҳамда жуда бой материал тўплаш имконини берди. Ушбу материал чуқур ва ҳар томонлама ўрганиб чиқилди, умумлаштирилди ва халқнинг умумий иродаси шаклида ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессияси муҳокамасига киритилди.Президентимиз сессияда Конституцияни “халқчил қомус” деб атаб, унинг лойиҳаси устида тахминан икки йил давомида ишлангани, икки ярим ой мобайнида умумхалқ муҳокамасидан ўтганлиги ва шу вақт мобайнида у халқнинг фикр хазинаси дурдоналари билан бойтилганини, сайқал топганини таъкидлади.Олий Кенгаш сессиясига муҳокама қилиш учун киритилган Конституция лойиҳасига 80 га яқин ўзгаришлар, қўшимчалар таклиф этилди ва аниқликлар киритилди. Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартишлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.Шундай қилиб, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.

Консититутциямизга шу кунга қадар бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, буларга қуйидагилар киради (2002 йил 27 январда ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра ҳамда унинг асосида Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 апрелда қабул қилинган Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси XVIII, XIX, XX, XXIII бобларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилган. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 апрелда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 89-моддасига, 93- моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига тузатишлар киритилган. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 25 декабрда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 77-моддасининг биринчи қисмига ўзгартиш киритилган, бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 18 апрелда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган, Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 декабрда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 90-моддасининг иккинчи қисмига тузатиш киритилган,Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 16 апрелда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 32, 78. 93, 98, 103 ва 117-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган),шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 31 майда қабул қилинган қонун билан Конституциянинг 80, 93, 108 ва 109-моддаларига ўзгартишлар киритилган. Ҳамда 2017 йил 29 августда қабул қилинган қонун билан Конституциянинг 99 ва 102-моддаларига ўзгартишлар киритилган,Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 05 мартда қабул қилинган қонун билан Конституциянинг 79, 93 ва 98-моддаларига ўзгартишлар киритилган.Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 04 сентябрда қабул қилинган қонун билан Конституциянинг 96 ва 117-моддаларига ўзгартишлар киритилган.Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 08 февралда қабул қилинган қонун билан Конституциянинг 7, 33, 85, 86, 93, 98, 100, 107 ва 117-моддаларига ўзгартишлар киритилган.

Хулоса қилиб айтганда, Конституцияни ишлаб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёни Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома” бўлганлиги, у “халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини” акс эттириши, унинг “халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсули” экани ҳақидаги ҳикматли хулосалари тўғри ва асосланган эканини яққол тасдиқлайди.

Термиз туманлараро маъмурий суди судьяси                                   К.Туранов

Термиз туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси               М.Жумаев

Related Articles

Close