Hodisalar

Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими бошлиғи 900 доллар пора олаётганда ушланди

Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими бошлиғи жиноят устида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.

Қайд этилишича, Департамент ва ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро яна бир фуқаронинг ишончига кириб унинг халқ таълими тизимида ишловчи танишларини аттестациядан ўтказиш, икки нафар танишини мактаб директори лавозимига ҳамда дугонасини мактаб директори ўринбосари лавозимига тайинлаш масаласини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 8400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тадбирда фуқаро айбига тўлиқ иқрор бўлган, пушаймонлигини билдириб, фуқаролардан олган 8400 АҚШ долларининг бир қисмини Андижон шаҳар халқ таълим бўлими бошлиғига олиб бориб бериш учун ариза билан мурожаат қилганини билдирган.

Фуқаро кўрсатмалари асосида тадбир давом эттирилган. Андижон шаҳар халқ таълим бўлими бошлиғи фуқаролардан улар айтган масалаларни ҳал этиб бериш учун 900 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар халқ таълим бўлими бошлиғига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси, фуқарога нисбатан эса 168-моддаси ва 28-, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Related Articles

Back to top button