Қонунчиликдаги янгиликлар

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қонунчилик ҳам такомиллаштирилиб борилмоқда.
Қонунларга киритиб борилаётган ўзгаришлардан хабардор бўлиб бориш ҳар бир фуқарога ўз ҳуқуқларини қонуний амалга оширишида кўмак беради.
Хусусан, 2026 йил 6 март куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1120-сонли Қонун қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига товарлар ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига ва (ёки) реализация қилинишига қонунга хилоф равишда аралашганлик ёхуд тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилашни ҳамда дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 186-3-модда бешинчи қисмининг санкциясидаги «юз бараваридан» деган сўзлар «икки юз бараваридан» деган сўзлар билан алмаштирилди, 192-1-модда биринчи қисмининг диспозициясидаги «шунингдек мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш» деган сўзлар «мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш, шунингдек товарлар ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига ва (ёки) реализация қилинишига қонунга хилоф равишда аралашиш ёхуд тўсқинлик қилиш» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 165-1-модда иккинчи қисми санкциясидаги «беш бараваридан ўн бараваригача» деган сўзлар «эллик бараваридан юз бараваригача» деган сўзлар билан алмаштирилди, учинчи қисмининг санкциясидаги «эллик бараваридан юз бараваригача» деган сўзлар «юз бараваридан икки юз бараваригача» деган сўзлар билан алмаштирилди, 241-1-модданинг диспозициясидаги «шунингдек мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш» деган сўзлар «мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш, шунингдек товарлар ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига ва (ёки) реализация қилинишига қонунга хилоф равишда аралашиш ёхуд тўсқинлик қилиш (бундан ушбу Кодекс 178-моддасининг тўққизинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно)» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Бундан ташқари, ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
М.Маликов
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси



