Маданият

Фарзандлар ҳақида икки хил ҳикоя

Ўхшаш сурат

Ҳайвонлар ичида фақат шерлар тўдасигина қари ва ожиз шерикларини парваришлар экан. Бошқа ҳайвонлар ҳам, паррандалар ҳам фақат насли ҳақида қайғурар экан, лекин аждодларининг тақдири уларни қизиқтирмас экан. Фақат  махлуқотлар ичида инсонларгина ҳам авлоди, ҳам аждоди ҳақида қайғурар экан. Лекин бу хислат ҳам баъзи инсонларга бегона экан…

Эрталаб зарур иш билан Деновга жўнадим, машинада орқа ўриндик бўш бўлганлиги учун яна бир аёл ҳамроҳ бўлди. Суҳбат давомида шу нарса маълум бўлдики, аёлнинг отаси кўзи ожизлиги туфайли биринчи гуруҳ ногирони эканлигини айтиб, уйида отаси ёлғиз қолиб кетиши мумкинлигидан хавотирланиб ҳар беш-ўн дақиқада уйига қўнғироқ қилиб турарди.

-Отангизга давлат томонидан ёрдам бериляптмими?-сўради ҳайдовчи.

-Тоға, отамга нима ёрдам бўлса ўзимиз берамиз, пенсиялари бор. Ундан ташқари чорвамиз, паррандамиз кўп. Буёғи икки қиз уйда тадбиркорлик қиламиз, отамни ҳеч нарсага муҳтож қилмаймиз. Онам ўтиб кетдилар, энди отамни авайлаб турибмиз. Дуосини олиб қолайлик.-деди аёл.

Шундай фарзанди бор одам бахтли экан. Қаранг-а, қиз болалар отасига парвона бўлиб, парваришламоқда.

…Ишга келиб энди хонага киришим билан ёши етмишларни қоралаган аёл ўттиз ёшлардаги қизи билан кириб келди.

-Укажон, менга ҳокимият томонидан моддий ёрдам берилмаяпти, ўзим касалман. Маҳалла ҳам ёрдам бермайди. Қизим билан ёлғиз яшаймиз.-дея нолиб қолди. Бошқа фарзандларингиз йўқми, деб сўрасам 5 нафар ўғли борлигини, эри вафот этгач, олти нафар фарзандларини ёлғиз ўзи парваришлаб вояга етказганлигини, уларни уйлантиргач чет элда ишлашиб, уй-жой олишганини, машина сотиб олишганини, лекин улар рўзғоридан орттириб онасига ёрдам беролмаслигини, шунинг учун ҳокимиятдан ёрдам сўрашга муҳтож эканлигини айтди.

-Эҳ, онажон, Сиз олти нафар фарзандни парваришлаб вояга етказганингизда ҳокимиятдан ёрдам сўраганмидингиз?

-Йўқ, болаларимга пенсия бериларди, ўзим далада ишлардим, буёғи томорқамизда ҳам тинмай ишлардим, ҳеч кимдан кам қилмай улғайтирдим. Энди улар бола-чақасидан орттира олмаяпти-да, бўлмаса ёрдам берарди.

Нима дейишни, нима маслаҳат беришни билмадим. Афсус, бу онанинг олти нафар фарзанди, кўзи ожиз бобонинг икки қизичалик бўлмабди-да!

Оловжон

Related Articles

Back to top button