Madaniyat

Оилавий зўравонликка муросасиз муносабат — оила тинчлиги ва инсон қадрининг кафолати

Оила — инсон ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий муҳитлардан бири. Унда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатлик қарор топиши жамият барқарорлиги учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, оилада содир бўладиган зўравонлик, айниқса хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик нафақат муайян шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига, балки оиланинг маънавий муҳитига, фарзандлар тарбиясига ва жамиятдаги соғлом муносабатларга салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистонда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида муҳим ҳуқуқий механизмлар яратилган. Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-561-сон “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни мазкур соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган. Қонуннинг асосий мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишдан иборат.
Мазкур Қонунда зўравонлик тушунчасига кенг ҳуқуқий баҳо берилган. Унга кўра, зўравонлик хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёхуд бундай таъсир ўтказиш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ҳисобланади. Жисмоний зўравонлик эса турли даражадаги тан жароҳатлари етказиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш билан таҳдид қилиш каби ҳаракатларни ҳам қамраб олади.
Шу нуқтаи назардан, оилада эрнинг ўз турмуш ўртоғини мунтазам равишда уриши, унга жисмоний таъсир ўтказиши ёки бошқа шаклда зўравонлик қилиши оддий оилавий келишмовчилик сифатида баҳоланмаслиги лозим. Бундай ҳаракатлар хотин-қизнинг қадр-қиммати, соғлиғи, дахлсизлиги ва бошқа қонуний ҳуқуқларига тажовуз сифатида ҳуқуқий баҳо берилишини талаб қилади.
Айниқса, зўравонликнинг бир марта содир бўлган ҳолат эмас, балки такрорий тус олгани жуда жиддий масаладир. Агар фуқаро Алишер Тоиров ўз турмуш ўртоғи Баҳора Ҳамидовага (ҳуқуқбузар ва жабрланувчининг исм фамилияси ўзгартирилган) нисбатан аввал ҳам зўравонлик қилган, бу ҳолат юзасидан ваколатли органлар томонидан чора кўрилган ва яқинда суд томонидан унга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса, бу ҳолат зўравонликка мойил хулқ-атвор мавжудлигини кўрсатувчи муҳим омил сифатида баҳоланиши мумкин.
Қонун хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишни фақат содир этилган ҳуқуқбузарликка жазо қўллаш билан чекламайди. Унда зўравонликнинг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган.
Хусусан, Қонуннинг 19-моддасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга мойил ёки уни содир этган ғайриижтимоий хулқ-атворли шахсларни аниқлаш ҳамда уларга профилактик таъсир кўрсатиш билан боғлиқ якка тартибдаги чора-тадбирлар назарда тутилган. Бундай чоралар шахснинг ижтимоий-маиший шароити, турмуш тарзи, ғайриижтимоий хулқ-атвори, зўравонлик содир этишга мойиллиги ва содир этган ҳаракатининг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда қўлланилади.
Демак, оилавий зўравонликка қарши курашишда асосий вазифа фақат зўравонлик содир этилгандан кейин жазо қўллаш эмас, балки унинг қайта содир этилишининг олдини олишдан ҳам иборатдир. Айниқса, аввал маъмурий жавобгарликка тортилган шахс томонидан зўравонлик хатти-ҳаракатларининг давом эттирилишига жиддий эътибор қаратиш лозим.
Бундай ҳолатларда жабрланувчининг хавфсизлигини таъминлаш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, зарур ҳолларда тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга. Қонун хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли органлар ва ташкилотларнинг ҳамкорлигини ҳам назарда тутади.

Оилавий зўравонлик нафақат жабрланувчига, балки оилада тарбияланаётган фарзандларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Зўравонлик муҳитида улғаяётган болада қўрқув, ишончсизлик ва агрессив хулқ шаклланиши, оилавий муносабатларда зўравонликни оддий ҳолат сифатида қабул қилиш хавфи пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун оиладаги зўравонликка ўз вақтида ҳуқуқий ва профилактик баҳо бериш келажак авлод тарбияси нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.
Фуқаро Алишер Тоиров турмуш ўртоғи Баҳора Ҳамидовага нисбатан зўравонлик қилиб келаётгани ва бу ҳолат юзасидан яқинда суд томонидан маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани шуни кўрсатадики, оиладаги зўравонлик ҳолатларига нисбатан ҳуқуқий муносабат билдириш зарур. Бироқ жазонинг ўзи билан муаммо бартараф этилмаслиги мумкин. Зўравонликка мойил шахс билан профилактик ишларни кучайтириш, жабрланувчининг хавфсизлигини таъминлаш ва зўравонликнинг такрорланишига йўл қўймаслик муҳим вазифадир.
Бугунги кунда жамиятда “оилавий масала”, “эр-хотиннинг ички иши” деган қарашлар билан зўравонлик ҳолатларига бефарқ муносабатда бўлишга йўл қўйиб бўлмайди. Хотин-қизнинг шаъни, қадр-қиммати, ҳаёти ва соғлиғи қонун билан ҳимоя қилинадиган қадриятлардир. Шу сабабли оилада содир этилган зўравонликни яшириш ёки унга муросасиз муносабат билдирмаслик эмас, балки уни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш жамиятнинг умумий вазифаси ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, оилавий зўравонликка қарши курашиш — бу фақат ҳуқуқбузарни жазолаш масаласи эмас. Бу, аввало, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, оилада соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш ва зўравонликнинг такрорланишининг олдини олишга қаратилган комплекс ҳуқуқий ва ижтимоий вазифадир.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ана шу мақсадларга хизмат қилади. Унинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, оилавий зўравонликнинг ҳар қандай шаклига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш орқали оила тинчлиги, жамият барқарорлиги ва инсон қадрини таъминлаш мумкин.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг тергов судьяси 

Ш.Қодиров

Related Articles

Back to top button