Ўзбекистон

Иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш бўйича асосий йўналишлар белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Коронавирус пандемияси бутун дунё учун катта синов бўлмоқда. Вужудга келган глобал инқироз барча мамлакатлар иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатяпти. Жаҳон банкининг прогнози бўйича 2020 йилда ялпи глобал маҳсулот 5,2 фоизга, АҚШда ялпи ички маҳсулот 6,1 фоизга, Россияда 6 фоизга, Европа Иттифоқида 9,1 фоизга тушиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Хитойда 1 фоиз, Ўзбекистонда эса 1,5 фоиз иқтисодий ўсиш бўлиши тахмин қилинмоқда.

Ўтган уч ойда юртимизда иқтисодиёт тармоқларига 2,3 триллион сўм солиқ имтиёзлари берилди, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 3,6 триллион сўм ажратилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари янгича ёндашув ва инструментларни қўллаш орқали жорий йил иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлаш учун барча имкониятлар борлигини таъкидлаб, шу борадаги 8 та асосий йўналишни кўрсатиб ўтди.

Биринчи – иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш;

иккинчи – камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш;

учинчи – банк тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш;

тўртинчи – тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш;

бешинчи – экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта тушумларини таъминлаш;

олтинчи – саноатда рақобатбардошликни кучайтириш;

еттинчи – кичик бизнесни ривожлантириш;

саккизинчи – рақамли технологияларни барча тармоқларда кенг жорий қилиш устувор вазифалар этиб белгиланди.

Related Articles

Back to top button