Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ҳамда туманларда кириш ва чиқиш тўхтатилади
Бугун вилоят ҳокимлигида вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулотда комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими, комиссия раиси Тўра Боболов бошқариб борган йиғилишда воҳа аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида 2020 йилнинг 27 март кунидан бошлаб, Термиз шаҳри ва туманларга вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ҳамда Термиз шаҳри ва туманлардан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан, вилоят шаҳар ва туманларига чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатилиши бўйича кўрсатма берилди.
Термиз шаҳри ҳамда туманларга кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда, шунингдек, Термиз шаҳри ва туманларда тегишлилигича доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахслар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини олиб бораётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулотда комиссиясининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Йиғилишда тегишли бошқарма, идора ва ташкилотлар томонидан Термиз шаҳри ва туманларнинг кириш, чиқиш жойларида вақтинчалик постлар фаолиятини ташкил қилиш, назоратни янада кучайтириш, постларни мутахассислар билан таъминлаш, тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Бундан ташқари, Термиз шаҳри ва туманларга кириб келаётган ва чиқаётган ҳар қандай юк машиналари, ходимлар бошқарувидаги автомашиналарни мажбурий дезинфекция қилиниши, қўйилган чекловларга ҳамда аҳолининг карантин қоидаларига қатъий риоя этилиши, карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунчилик доирасида қатъий чоралар кўрилиши айтилди.
Эслатиб ўтамиз, 24 март куни соат 06:00дан бошлаб Термиз шаҳри ва туманлар ҳудудида автобуслар ҳаракати тўхтатилган эди.