Hodisalar

Яна бир фуқаро профилактика инспектори томонидан калтакланди

ёхуд ФОРМА КИЙИШ — ФУҚАРОНИ КАЛТАКЛАШ ҲУҚУҚИНИ БЕРАДИМИ
Андижон шаҳрида яшовчи Жасурбек Ҳамрақулов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ариза билан мурожаат қилиб, Андижон шаҳар ИИБ профилактика инспектори Сардор Абдуманнопов уни ноҳақдан уриб, ўта қаттиқ даражада тан жароҳати етказгани, ушбу ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси, Андижон шаҳар прокуратурасига ариза билан мурожаат қилганлигига қарамасдан, профилактика инспекторига ҳеч қандай чора кўрилмагани, мазкур ҳодиса юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, 2019 йил 12 октябрда жабрланувчининг ўзи – Ж.Ҳамроқуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 1-қисми қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш айби билан жиноят иши қўзғатилгани таъкидланиб, ушбу масалада адолат тикланишига ёрдам кўрсатилишини сўраган. 
ЎзА мухбири ушбу воқеа юзасидан суриштирув ўтказди. 
Воқеа тафсилотлари ҳақида сўз юритишдан аввал Жасурбек Ҳамрақулов ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтсак. У 1983 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Шаҳардаги 32-умумтаълим мактабини тамомлаб, 1998 – 2002 йилларда Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтининг Иқтисод, 2003-2008 йилларда Андижон давлат университетининг Тарих-иқтисод факультетларида таҳсил олган. Бир неча йил давомида банк тизимида фаолият юритган, хусусан, “Халқ банки”нинг Андижон, Пахтаобод туман бўлимларида раҳбар бўлиб ишлаган. Оилали, 4 нафар фарзанди бор.
Ўша воқеа ҳақида у қуйидагиларни гапириб берди:
“– 2019 йил 11 сентябрь куни тахминан соат 19.30 ларда оила аъзоларим, яъни турмуш ўртоғим Мадина Холмирзаева, уч ёшли қизим Мумтозани олиб, “Спарк” русумли автомашинамизда бир танишимизнинг туғилган кунини нишонлаш учун Андижон шаҳридаги “Камелот” кафесига бордик. Байрамни чиройли ўтказдик, чамаси, соат 21:30 ларда тарқаладиган бўлдик. Мен спиртли ичимлик ичиб маст бўлиб қолганлигим учун автомашинани миниб, бизни олиб кетиши учун телефонда укам Дилмурод Комиловни чақирдим. Биз билан бир даврада Малоҳат исмли ёш болали аёл ҳам бирга ўтирган эди. Кетаётганимизда у уйига ташлаб ўтишимизни илтимос қилди. Уни ҳам олиб бир оз юрганимиздан сўнг ўша аёл телефони кафеда қолиб кетганлигини айтиб қолди. Унинг телефонини олиш учун яна кафега қайтдик. Қўлида ёш боласи борлиги учун мен унинг телефонини олиб чиқиш учун кафега кирдим. 
 
Кафега кирганимда икки-уч нафар қиз рақсга тушаётган эди. Мен ўтирган жойимиздан телефонни олиб, қизларнинг ёнидан ўтиб кетаётганимда рақсга тушаётган қизлардан бири – Одина Болтабоева билан тўқнашиб кетдим. Мен ҳам у қиз ҳам маст эдик. Мени ҳақорат қилди, сўкди. Сўккани учун унинг юзига уриб юбордим. Бошқалар ўртага тушди. Орамиздаги тахминан 1,5- 2 дақиқа бўлган жанжал тугади. Мен ташқарига чиқиб кетаётганимда икки нафар ички ишлар ходими кириб келди. Кейин билдимки, улардан бири ҳудуд профилактика инспектори Сардор Абдуманнопов экан. Мени рақсга тушаётган қиз билан жанжаллашганимни кимдандир билган бўлса керак. У менга “Э бола олдимга кел” деб мени чақирди. Мен унинг ёнига бориб, “сенсираб” гаплашмаслигини айтдим. 
 
Кейин у менинг билагимдан ушлаб кафенинг зинасига олиб чиқди. “Сен “борзий” экансанми, ҳақингни талаб қиладиган” дея қўлларимни қайириб олди. “Ички ишлар ходими бунақа қилиши мумкин эмас, кўпчиликка томоша бўлмасдан, ҳар қанча гап бўлса, ИИБ бўлимига борайлик” дедим. У “Сен билан қанақа гаплашиш кераклигини кўрсатиб қўяман”, деб қўлларимдан янада қаттиқроқ қайирди. Тиззаларим билан чўккалаб қолдим, у эса оёғи билан эзиб олди. 
 
Ушбу ҳолатни кўрган автомашинадаги укам ва хотиним, машинамиздаги Малоҳат исмли ёш болали аёл югуриб келишди. “Сардор”нинг тагидан кўпчилик ажратиб олишга уринди. Лекин ҳеч кимни кучи етмасди. Хотинимнинг қўли гипс қилинган эди. Сардор итариб юборганида гипс синиб, чиқиб кетди. Бу ердагилар мени Сардордан ажратиб олди. Шундан сўнг мен Сардорга: “ИИБ бўлимига олиб боринг, сиз билан ўша ерда гаплашамиз, бу қилган ишларингиз учун жавоб берасиз, формангиз борлиги учун шунақа қиляпсиз” дедим. Чунки мен ҳам маст эдим.
Мени “Дамас” автомашинасини орқа ўриндиғига ўтказишди. Сардор эса ўрта ўриндиққа ўтириб, менга “Агар сен Балиқчида бўлганингда ўлдириб юборган бўлардим” (чунки у Балиқчи туманидан Андижон шаҳрига ишга ўтган экан) дея ўдағайларди. Мен ҳам гапдан қолмадим “Сен кимни ўлдирасан, ҳали қилган ишларинг учун жавоб берасан”, деб бақирдим. Сардор чиғаноғи билан юзимга уриб, бошимни автомашинани ўриндиғи тагига қисиб, 6-сонли ички ишлар бўлинмасига келгунча қийнаб келди. 
 
Бўлинмага келганимизда ортимиздан укам ва хотиним етиб келди. Хотиним аҳволимни кўриб, йиғлар эди. Мен унга прокуратурадан, вилоят ИИБ бошқармасидан ходимларни олиб келишни, Сардор мени қандай аҳволга солганини кўришларини айтиб, жўнатиб юбордим. Укам Дилмурод эса менга ёрдам берарди. 
Бу пайт ичкаридан 6-сонли ички ишлар бўлинмаси навбатчиси чиқди. У мени танийдиган Рустам ака эди. У “Жасурбек нима гап, тинчликми?” деди. Мен: “Рустам ака, мана бу ходимингиз ўзини босолмай қолибди, мени урганига жавоб беради” деб турган эдим. Шу пайт профилактика инспектори Сардор ёнимизга келиб, “Сен билан мана энди гаплашамиз” деб мени қўлимдан тортиб, Дамаснинг орқасига олиб ўтди. Юзимга уриб, тагига босиб олиб ура кетди. Ушбу ҳолатни кўриб турган ИИБ навбатчиси Рустам ака ва бошқа ходимлар Сардорнинг бўйнидан бўғиб устимдан ажратиб олди. Бу пайтда менинг бурним синиб, тинмасдан қон оқар эди. Менга ИИБ биносидан стул олиб келиб ўтказишди, шунда мен кўп қон йўқотганимгами ёки берилган зарбалар оқибатидами, ўзимни тутолмай стулдан йиқилиб кетдим. Тез тиббий ёрдам ходимлари келиб, менга бўлинма ичкарисида ёрдам кўрсатишди. Бироз ўзимга келганимдан сўнг ташқарига чиқдим. Бу пайтда Андижон шаҳар прокуратураси ҳамда ИИБ бошқармасидан ходимлар келиб, воқеа ҳақида суриштиришаётган экан.”
Юқоридаги сатрлар Жасур Ҳамрақуловнинг сўзлари. Воқеага бевосита гувоҳ бўлган унинг турмуш ўртоғи Мадинахон, уларга ҳамроҳ бўлган Малоҳат исмли аёл, укаси Дилмурод унинг гапларини тасдиқлади. Ўша куни кафеда официант сифатида хизмат қилган Рохиля Ашурова эса ички ишлар идораси, прокуратура ходимларига бўлган воқеа ҳақида тушунтириш ёзганлигини айтиб, изоҳ беришдан бош тортди.
Ушбу ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
“Маълум бўлишича, 2019 йилнинг 11 сентябрь куни соат 22:30лар чамасида Андижон шаҳри, Тинчлик кўчаси, 3-уй 18-хонадонда яшовчи фуқаро Ҳамракулов Жасурбек Андижон шаҳри, Нодира кўчаси, 1-уйда жойлашган “Камелот” кафеси олдида маст ҳолатда шовқин солиб, фуқароларнинг тинчлигини бузган. Шунингдек, фуқаро О.Болтабоева билан ҳеч бир сабабсиз жанжаллашиб, унга енгил тан жароҳати етказган. Ушбу ҳолатдан хабар топган шу ҳудудда тунги хизматни олиб бораётган Андижон шаҳри ИИОФМБ 6-сон ИИБ ХПГ ТП профилактика инспектори Абдуманнопов Сардор “Камелот” кафесига зудлик билан етиб келган ва Ж.Ҳамроқуловни тинчлантиришга ҳаракат қилиб, уни тартибга чақирган. Аммо фуқаро Ж.Ҳамроқулов профилактика инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, унга фаол қаршилик кўрсатган. 
 
Шундан сўнг, фуқаро Ж.Ҳамроқулов Андижон шаҳар ИИОФМБ 6-сонли ИИБ биносига олиб келиниб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган. Ж.Ҳамроқулов билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилаётган вақтда, у маст ҳолатда ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатган ва ўзининг ҳаракатларини бошқара олмасдан мувозанатини йўқотиб, ерга йиқилиб тушган.
 
Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ЎХБ Андижон вилояти бўйича бўлими томонидан хизмат текшируви ўтказилган. 2019 йилнинг 8 октябрь куни хизмат текшируви хулосасига кўра, томонларнинг кўрсатувлари ўртасида қарама-қаршиликлар юзага келганлиги сабабли, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш масаласи Андижон шаҳар прокуратурасига ҳавола этилган. 
 
Мазкур ҳодиса юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, 2019 йил 12 октябрда фуқаро Ж.Ҳамроқуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 
 
Андижон шаҳри бўйича ИИОФМБ 6-сон ИИБ ХПГ ТП профилактика инспектори Абдуманнопов Сардор Собиржон ўғлининг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли, ишни унга тегишли қисми ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган.
 
Ҳозирда фуқаро Ж.Хамроқуловга нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 1-қисми ва 277-моддаси 2-қисми билан айб эълон қилинган. Жиноят иши ЖПКнинг 388-моддаси тартибида суд муҳокамасига юбориш чоралари кўрилмоқда”. 
Шу ўринда мулоҳаза туғилади. Биринчидан, иккита олийгоҳни тамомлаган, банкларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган Ж. Ҳамрақулов маст бўлиб фуқароларнинг тинчлигини бузиши, ички ишлар идораси ходимига қаршилик кўрсатиши қай даражада ҳақиқатга тўғри келади?!
Иккинчидан, хўп Ж. Ҳамрақулов маст бўлиб жамоатчилик тинчини бузибди, ички ишлар ходимига бўйсунмай, қаршилик қилибди. Ўша воқеа жойида бўлган ички ишлар ходимлари нима учун унинг қўлини боғлаб, олиб бориб қамаб қўймади. Бунга уларнинг кучи етмасмиди? Агар Жасурнинг гаплари тўғри бўлса, уни ана шу даражада уриш шартмиди?!
Тиббиёт ходимлари берган хулосада Ж. Ҳамрақуловнинг ҳақиқатдан тан жароҳати олганлиги қайд этилган. Ички ишлар маълумотномасида айтилганидек, Ж. Ҳамрақулов стулдан йиқилиб тушган бўлса, унинг бурни синиши, уст-боши қонга беланиши, ўзини йўқотиши, кўзлари кўкариши ҳақиқатга қанчалик тўғри келади?
Ушбу ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб бораётган вилоят прокуратураси шубҳасиз, воқеага ҳуқуқий баҳо беради. Ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини айтиб, адолат юзага чиқишини таъминлайди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада олиб борилаётган ишлар беиз кетмайди. Муҳтарам Президентимизнинг “Инсон ҳамма нарсага чидаши мумкин, фақат адолатсизликка чидай олмайди” деган ибораси мутасадди идоралар вакилларига ушбу воқеа хусусида сўнгги фикр айтишда дастуриламал бўлади.
Ишонамизки, биз фикр юритган юқоридаги ҳолат юзасидан ҳам албатта, адолатли ҳукм чиқарилади.

Related Articles

Back to top button