Бу қизиқ

Бошқа соҳаларда коррупцияга қарши курашишнинг жиҳатлари

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида нафақат давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг пора олганлиги ёки уларга пора берганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд, балки нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг мансабдор шахсининг пора олганлиги ва ушбу шахсларга пора берганлик учун жавобгарлик ҳам мавжуд.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1929-моддаси “Тижоратда пора эвазига оғдириб олиш” деб номланади.

Ушбу модданинг 1-қисмида, нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ушбу модданинг 2-қисмида эса, нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти мансабдор шахсининг ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлганида ушбу модданинг 5-қисмига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Башарти пора эвазига оғдириб олишни амалга оширган шахсга нисбатан моддий қимматликлар ёки мулкий манфаат сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.

Хулоса шуки, қонунлар ҳақида етарли тушунчага эга бўлиш барчамизнинг маънавий бурчимиз ҳисобланиб, ушбу ҳолат қонунийликни таъминлашга ва коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди жиноят

         ишлари бўйича судьяси

          М.Маликов

Related Articles

Back to top button