Hodisalar

Ўғрилик жинояти тушунчаси ва оқибатлари

Ўғрилик иқтисодиёт соҳасидаги энг кенг тарқалган жиноятлардан биридир. Талон-торож қилишнинг барча шакллари ичида ўғрилик жинояти содир этилиш усули жиҳатидан энг хавфи камроғи деб топилиши мумкин, унда жисмоний ёки руҳий таъсир этиш қўлланилмайди, айбдор уни содир этишда ўзидаги ваколатлардан ва мол-мулкни эгаллашда алдашдан фойдаланмайди. Айбдор ҳуқуққа хилоф ва яширин равишда, яъни бошқа шахслардан яширин ҳолда мулкдорнинг хоҳиш-иродасига қарши ўзганинг мулкини ўзлаштиради ва уни ўзининг мулки сифатида тасарруф эта бошлайди. Бироқ ўғрилик, статистика кўрсатишича, ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг энг кенг тарқалган усулидир бу унинг ижтимоий хавфлилигини оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 1999 йил 30 апрелдаги 6-сонли қарорида ўғриликка қуйидагича тариф берилган: “Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади. Бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғрилик деб тавсифлаш лозим”-деб кўрсатиб ўтилган.

Ўғрилик жиноятининг объекти ўзганинг мулкидир. Объектив томондан ўғирлик ўзганинг мулкини яширин равишда талон-тарож қилишда ифодаланади.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-модда. Ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўғрилик:

а) жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик);

б) анча миқдорда;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

г) уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб;

д) умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан;

е) умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига электр энергияси, газ ёки сув таъминоти ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари томонидан олдиндан тил бириктириб, тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўғрилик:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб;

в) кўп миқдорда;

г) нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса, —

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўғрилик:

а) жуда кўп миқдорда;

б) ўта хавфли рецидивист томонидан;

в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —

саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жумладан, Шўрчи туман электр тармоқлари корхонаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар  билан ҳамкорликда 04.10.2024 йилда ўтказилган назорат тадбирида фуқаро С.Р.тадбиркорлик дўконида электр энергияси ҳисоблагичсиз электр тармоғига тижорат мақсадида тўғридан-тўғри уланиб, жами  45,0  миллион сўмлик мол-мулкни ўғрилик йўли билан талон-тарож қилганлиги аниқланган.

Суд ҳукмига кўра С.Р. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б,д”-бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб унга нисбатан уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноят жазосиз қолмайди, буни жиноятга қўл урмоқчи бўлган шахс ёдидида тутиши лозим.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди тергов судьяси

Ш.Қодиров

 

 

Related Articles

Back to top button