Оилавий-маиший зўравонлик – жамият тараққиётига таҳдид

Оила жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланади. Оилада ҳукм сурадиган тинчлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик нафақат оила аъзоларининг фаровон ҳаётини, балки жамият барқарорлигини ҳам таъминлайди. Шу боис оилавий-маиший зўравонликка қарши курашиш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири саналади.
Оилавий-маиший зўравонлик деганда оила аъзоларидан бири томонидан бошқасига нисбатан жисмоний, руҳий ёки иқтисодий тазйиқ ўтказилиши тушунилади. Бундай ҳаракатлар инсоннинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилишга олиб келади. Айниқса, ҳақорат қилиш, доимий руҳий босим ўтказиш, таҳдид қилиш ва иқтисодий қарамликка мажбурлаш ҳам зўравонликнинг кенг тарқалган кўринишлари ҳисобланади.
Зўравонлик ҳолатлари жабрланувчи шахснинг руҳий ва жисмоний саломатлигига жиддий зарар етказади. Бундай муҳитда яшаётган болаларда қўрқув, ишончсизлик ва тажовузкорлик каби салбий хусусиятлар шаклланиши мумкин. Натижада бу ҳолат уларнинг таълим олиши, тарбияси ва келажакдаги ҳаётига салбий таъсир кўрсатади.
Мамлакатимизда оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, ҳимоя ордерлари бериш ҳамда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриш тизими йўлга қўйилган.
Оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олишда ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Оилаларда ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий маданиятни ошириш, низоларни муроса ва мулоқот орқали ҳал қилиш ушбу муаммони камайтиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, оилавий-маиший зўравонликка қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Соғлом ва мустаҳкам оилаларни шакллантириш орқали жамиятда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш мумкин.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг тергов судьяси
Ш.Қодиров




