КОНСТИТУЦИЯДА БЕЛГИЛАНГАН ПРОКУРАТУРА ВА АДВОКАТУРА ФАОЛИЯТИГА ОИД НОРМАЛАРНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИНИ ТУШУНТИРИБ БЕРИНГ

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.
Прокуратура органларининг ягона марказлаштирилган тизимига Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори бошчилик қилади.
Қорақалпоғистон Республикасининг прокурори Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасининг олий вакиллик органи томонидан тайинланади.
Вилоятларнинг прокурорлари, туман ва шаҳар прокурорлари Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори томонидан тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, туман ва шаҳар прокурорларининг ваколат муддати — беш йил.
Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимини эгаллаши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг прокуратура органлари ўз ваколатларини бошқа давлат органларидан, ўзга ташкилотлардан, мансабдор шахслардан мустақил равишда, фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига бўйсунган ҳолда амалга оширади.
Прокурорлар ўз ваколатлари даврида сиёсий партияларга ва сиёсий мақсадларни кўзловчи бошқа жамоат бирлашмаларига аъзоликни тўхтатиб турадилар.
Прокуратура органларини ташкил этиш, уларнинг ваколатлари ва фаолият кўрсатиш тартиби қонун билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш бўйича тезкор-қидирув, тергов ва бошқа махсус вазифаларни мустақил равишда бажарувчи хусусий ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва уларнинг бўлинмаларини тузиш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши тақиқланади.
Қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жамоат ташкилотлари ва фуқаролар ёрдам кўрсатишлари мумкин.
Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади.
Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.
Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.
Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади.
Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади.
Сурхондарё вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси
У.Халикулов




