Маданият

Коррупция нима?

Коррупция нима?

«Коррупция” – нима, коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари, Коррупциянинг тарихий ўзаклари ва коррупциянинг нималарга таъсир этиши ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мазмун моҳияти ҳақида сўз юритамиз.

Халқ тилида соддагина қилиб – коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади.
Коррупция ҳақида – Қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Коррупция” – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.

Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.
”Коррупция”- шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш. Коррупция атамаси лотинча “орруптио” сўзидан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, бузилиш, ишдан чиқиш, ахлоқий (маънавий) бузилиш деган маъноларни англатади. Одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

Коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон -2030” стратегияси тўғрисида”ги ПФ-158-сон Фармонининг 89-мақсадида, коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.

Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради. Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди.

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодисадир. Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, ҳукумат тизими ишдан чиқади, демократик институтларга путур етади. У сайлов жараёнларига салбий таъсир қилиб, қонун устуворлигига жиддий зиён етказади. Шу билан бирга, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади.
Макроиқтисодий ва сиёсий-иқтисодий тадқиқотлар, коррупция давлатларнинг иқтисодий ўсиши ва ривожланишига улкан тўсиқ эканлигини кўрсатди.

Республикамизда 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Республикамизда ушбу жиноятга қарши кураш соҳасида мақсадли сиёсат олиб борилмоқда. Жумладан, ушбу соҳада қонунчилик асосларини такомиллаштириш, давлат органларининг, жамиятнинг очиқлигини таъминлаш, ахборотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида аҳамиятли ишлар амалга оширилмоқда. Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашиш ва бу соҳада самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масалалари давлатимиз раҳбариятининг диққат марказидадир.

Маълумки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади. “Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Лекин фақат давлат хизматчилари коррупция фаолиятининг субъектлари ҳисобланади, чунки коррупция муносабатлари юзага келишига сабаб бўладиган қарорлар қабул қилиш ёки ҳаракатлар содир этиш учун ҳокимият ваколатига фақат улар эга бўлади”.

Умуман олганда, коррупция ҳодисасига сўзнинг кенг маъносида ёндашадиган бўлсак, бу шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, балки маънавий бузилиш ҳолатидир. Шундай экан, ўйлаймизки, мазкур иллатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.

Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бу жараёнда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Ҳаммамиз яхши биламиз, қонун ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг тергов судьяси

Ш.Қодиров

Related Articles

Back to top button