Бу қизиқ

Судларни молиялаштиришнинг янги тартиби белгиланди

Ўзбекистонда суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тартиби қонун билан белгиланди. Унга кўра, судлар фаолиятини молиялаштириш фақат Давлат бюджети маблағлари ҳисобдан амалга оширилади.

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида”ги 1177-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун 4 та боб ва 14 та моддадан иборат бўлиб, унда умумий қоидалар, судлар фаолиятини молиялаштиришнинг манбаси, асоси ва ўзига хос хусусиятлари, судлар фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган маблағларни тақсимлаш ва тасарруф этиш ҳамда якунловчи қоидаларга оид нормалар ёритилган.

Хусусан унга кўра, қонунийлик, очиқлик, шаффофлик, одил судловни таъминлаш учун молиявий ресурсларнинг етарлилиги, судлар фаолиятининг молиявий мустақиллиги суд ҳокимияти органлари (бундан буён матнда судлар деб юритилади) фаолиятини молиялаштиришнинг асосий принциплари сифатида қайд этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, судлар фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилади.

Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунида қуйидагиларнинг фаолиятини молиялаштириш учун маблағлар назарда тутилади, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг, Олий судининг ва Судьялар олий кенгашининг.

Судлар фаолиятини молиялаштириш одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.

Шу билан бирга,  навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг моддий таъминоти, шу жумладан судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг иш ҳақи, уларнинг меҳнати учун рағбатлантирувчи тўловлар, судлар фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш учун харажатлар ҳамда судьяларнинг ва улар оила аъзоларининг ижтимоий таъминоти инобатга олиниши керак.

Қонунчиликка мувофиқ судьяларга ва суд аппарати ходимларига пул мукофотлари ҳамда бир марталик моддий ёрдам учун маблағлар белгиланган тартибда ажратилади.

Судлар фаолиятини таъминлашга навбатдаги молия йили учун маблағлар, қоида тариқасида, ўтган молия йилида ажратилган маблағлардан кам бўлмаган миқдорда ажратилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадлари прогнозининг ижросидан келиб чиқиб судлар фаолиятини молиялаштириш харажатларини камайтириш мумкин эмас.

Судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан судлар фаолиятини молиялаштиришга тегишли молия йили учун ажратилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда тасарруф этилади.

Қонуннинг 12-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаши белгиланган.

Сурхондарё вилоят судининг

жиноят ишлари бўйича судьяси                                                   

О.Эргашев

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button