Бу қизиқ

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, инсон қадри ва адолат тантанаси, Фуқаролик судларини ривожлантириш, Ўзбекистон тажрибаси ва замонавий имкониятлар

Бугунги Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Зеро, адолат устувор бўлган жамиятдагина инсон қадри юксалади, ҳуқуқ ва эркинликлар ишончли ҳимоя қилинади.

Айниқса, фуқаролик судларини модернизация қилиш орқали аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида суд тизими янада очиқ, шаффоф ва замонавий тус олмоқда.

Мамлакатимизда судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Судьяларни тайинлаш, лавозимда сақлаш ва уларнинг дахлсизлигини кафолатлаш орқали ташқи таъсирларнинг олди олинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, суд қарорларининг холис ва адолатли қабул қилинишига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда: даъво аризаларини онлайн тарзда топшириш, суд ишини масофадан туриб кузатиш, суд мажлисларини видеоалоқа орқали ўтказиш
имкониятлари яратилди.

Бу янгиликлар нафақат вақтни тежайди, балки инсон омилларини камайтириб, коррупция хавфини пасайтиради.

Судьялар малакаси, сифатли адолат кафолати
Судьялар малакасини ошириш тизими ҳам тубдан янгиланди.

Улар мунтазам равишда қайта тайёргарликдан ўтиб, халқаро тажрибаларни ўрганмоқда.

Бу эса суд қарорларининг ҳуқуқий асосланганлиги ва сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

Судга мурожаат қилиш жараёни сезиларли даражада соддалаштирилди: давлат божлари оптималлаштирилди, ҳуқуқий ёрдам тизими кенгайтирилди,
ариза бериш тартиблари тушунарли ва қулай шаклга келтирилди. Натижада, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишда судга эркин мурожаат қилиш имкониятига эга бўлмоқда.

Судгача низоларни ҳал қилиш механизми сифатида медиация институти кенг жорий қилинди.

Бу орқали кўплаб низолар судгача босқичдаёқ ҳал этилмоқда, судлар юкламаси эса камаймоқда.

Энг муҳими, тарафлар ўзаро келишувга эришиб, вақт ва маблағни тежайди.

Суд қарорларининг очиқ эълон қилиниши, ягона суд амалиётини шакллантириш ва ахборотдан эркин фойдаланиш имкониятлари жамоатчилик ишончини оширмоқда. Бугунги суд тизими нафақат адолат ўрнатади, балки уни очиқ намоён ҳам қилади.

Ўзбекистонда фуқаролик судларини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар замонавий, шаффоф ва инсонпарвар суд тизимини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Рақамлаштириш, суд мустақиллиги, медиация ва аҳолига қулайлик яратиш каби йўналишлар келажакда янада самарали натижалар беришга хизмат қилади.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ қилиш жараёнларининг асосий мақсади, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш ҳамда халқнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Шу боис кейинги йилларда мазкур соҳада тарихий аҳамиятга эга бўлган қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Адолат, давлатнинг мустаҳкам пойдевори”.

Айнан шу ғоя мамлакатимизда амалга оширилаётган барча суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини белгилаб бермоқда.

Суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш демократик давлатнинг энг муҳим талабларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда судьяларнинг дахлсизлигини кучайтириш, уларнинг фаолиятига аралашув ҳолатларига қатъий чек қўйиш борасида муҳим чоралар кўрилди.

Бугун суд қарорлари фақат қонунга асосланган ҳолда қабул қилиниши, ҳар бир иш холис ва шаффоф тарзда кўриб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу эса фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида белгиланган.

Айниқса, “Хабеас корпус” институтининг кенгайтирилиши, тергов ва суд жараёнларида қийноқ ҳамда ноқонуний босимларга йўл қўймаслик бўйича амалий механизмлар жорий этилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, судларда электрон тизимларнинг жорий қилиниши, онлайн мурожаат ва видеоконференцалоқа имкониятларининг кенгайиши аҳолига янада қулайлик яратди.

Бу орқали суд ишларининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланмоқда.
Қонун устуворлиги, тараққиёт мезони Қонун устувор бўлган жамиятда тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт қарор топади.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштирмоқда, балки жамиятда ҳуқуқий маданият юксалишига ҳам хизмат қилмоқда.

Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, коррупция ва адолатсизликка қарши муросасиз курашиш, бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди.

Сўнгги йилларда суд тизимига замонавий ахборот технологиялари электрон суд, E-XSUD, ADOLAT, EDO.SUD.UZ, онлайн қабул ва рақамли архив тизимлари иш самарадорлигини ошириб, инсон омилини камайтиришга ёрдам қилади. Бу эса ўз навбатида суд ишларини тезкор ва сифатли кўриб чиқиш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини таъминлаш ва ижтимоий адолатни қарор топтиришга асос солиб келмоқда. Энг муҳими, бу ислоҳотлар халқ манфаати, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан юксак аҳамият касб этади.

Адолат қарор топган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади. Чунки қонун устувор бўлган юртда инсон қадри ҳамиша юксак бўлади.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг девонхона мудири

Боборажабов Ёқубжон Муродалиевич

Related Articles

Back to top button