Ошган жиноятлар хусусида

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноятлар аҳоли соғлиғига, жамиятнинг иқтисодий ва маънавий негизига жиддий таҳдид солади, оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, бошқа ижтимоий муаммолар келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.
Бироқ, сўнгги вақтларда бу тоифадаги жиноятлар баъзи жойларда кўпайиб, бундай воситаларни ўтказишни ўзига касб қилиб олганлар ҳам орамизда учрамоқда.
Хусусан, фуқаро Х.Х. гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ва шу йўл билан моддий даромад орттиришни мақсад қилиб, ушбу жиноий режасини амалга ошириш мақсадида 2026 йил 1 апрель куни Сариосиё тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган “Х” исмли шахсга бир бўлак малла рангли, ўзига хос ўткир ҳидли, озгинадан кўпроқ миқдордаги мумсимон 0,97 грамм оғирликдаги “Гашиш (наша) смола каннабиса*” гиёҳвандлик моддасини 400.000 сўмга сотиб ўтказган вақтида далилий ашёлар билан ушланган ва ёнлари кўздан кечирилганда у ўтирган автомобил ўриндиғи ёнида тадбирга хатлаб берилган 400.000 сўм пуллар борлиги аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик моддаси ва пуллар далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Суд ҳукми билан Х.Хга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 3-қисми “а” банди билан 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида узил-кесил 7 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2026 йил 8 сентябрь кунидаги ажрими билан судланувчига тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов




