Hodisalar

Ажал уруғини сотишга суиқасд қилган жавобгар бўлди

Ким боласига «ёмон бўл», деб тарбия беради? Ким унинг ҳаёт гули эрта сўнишини, умри мазмунсиз, қабоҳат ва разиллик ичида ўтишини истайди? Албатта, ҳеч ким. Бироқ бугун қонун олдида қилмишларига иқрор бўлиб, жазо сари етакланаётган айрим ёшларни кўрганда, «фарзандига ёмонликни истамасада, унга яхшиликни ҳам раво кўрмаганлар бор экан», деган ўй хаёлга келади. Нури дийдасига «ёмон бўл» демасада, уни ёмонликдан қайтармаган, тўғри йўлга бошламаган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Суд ҳукмига кўра, И.С 2024 йил 24 декабрь куни олдиндан таниши бўлган Т.Т орқали “Ангор–Тошкент” йўналишида қатнайдиган такси воситасида Тошкент шаҳрида яшовчи “Олим” исмли шахсга қатиқ маҳсулоти етказиб беришни ташкил этган. Бироқ қатиқ идиши ичига яширин тарзда
3,7 грамм “Опий” гиёҳвандлик воситасини жойлаб, уни қонунга хилоф равишда сотишга суиқасд қилган.

Ушбу автомашина Бойсун тумани “Темирдарвоза” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Дарбанд” ЙПХ масканида ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, кўздан кечириш жараёнида мазкур гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмий тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Суд ҳукми билан И.Сга Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 25, 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилиб, шу Кодекснинг 57-моддаси қўлланилган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг кассация инстанцияси ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.

Кўриниб турибдики, ушбу жиноят онгли равишда, ақл-ҳуши жойида бўлган ҳолда содир этилган. Демак, била туриб «ажал уруғини» тарқатишга уриниш, кимларнингдир ҳаётини вайрон этиши, соғлиғи ва руҳиятига зарар етказиши мумкинлигини англаган ҳолда қилинган қилмишдир.

Оқибат эса кутилганидек бўлди. Ўзгалар ҳаётига заҳар сочмоқчи бўлган шахс ўз умрининг энг гўзал фаслини — навқиронлигини панжара ортида ўтказишга маҳкум этилди. Ёшлик даври дўстлар даврасида эмас, балки маҳкумлик муҳитида кечади.

Гиёҳвандлик — аср вабоси. Унинг ноқонуний муомаласи эса жамият саломатлигига қарши қаратилган оғир жиноятдир. Шу боис гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимизга айланмоғи лозим.

ИЛХОМ АБРАЕВ

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича судьяси

Related Articles

Back to top button