Маданият

Адолат сари яна бир қадам, Мустақил суд — кучли давлат: ӮРҚ-1067-сон ислоҳотлар нуқтасида!

2023 йилда халқ иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тараққиётида мутлақо янги саҳифа очди. Унда инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, суд мустақиллиги ва фуқаролар манфаатларини олий қадрият сифатида эътироф этиш каби жиҳатлар мустаҳкам акс этди. Аммо бу олий ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган тамойилларни ҳаётга тўлиқ жорий этиш учун қонунчилик базасини мослаштириш зарурати туғилди. Шу асосда 2025 йил 21 январь куни Қонунчилик палатаси, 17 март куни эса Сенат томонидан маъқулланган муҳим бир ҳужжат қабул қилинди. Бу — айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолияти ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун бўлди.

Қонун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, инсон манфаатларини устувор қўйиш ва фуқароларнинг адолатга етишини осонлаштиришга хизмат қилувчи зарурий ҳуқуқий қадамлардан бирига айланди. Эндиликда судья фаолиятида холислик ва масъулият янада катта ўрин тутади. Суд қарорларини қабул қилишда фақат қонун ва виждонга суянган ҳолда адолатни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Судларга нисбатан ишончни мустаҳкамлаш, уларнинг мустақил фаолиятини таъминлаш мақсадида судьяларни танлаш, тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тартиблари тубдан қайта кўриб чиқилди.

Қонун доирасида қабул қилинган нормалар фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалий механизмларга эга бўлишига хизмат қилади. Судларга мурожаат қилишдаги бюрократик тўсиқлар бартараф этилди. Давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларда фуқаро манфаатлари бош устун эканини кўрсатувчи бу каби ислоҳотлар нафақат ҳуқуқий жиҳатдан, балки маънавий-ахлоқий жиҳатдан ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Фуқаролар судга мурожаат қилишда ўзини ҳимоясиз эмас, балки давлат ҳимоясида деб ҳис этадиган муҳит яратиш — ушбу ўзгаришларнинг асосий руҳини ташкил қилади.

Ижтимоий адолатни таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш ва қонун устуворлигини ҳаёт тарзига айлантириш йўлида қабул қилинган мазкур Қонун судлар фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга йўналтирилган бўлиб, у орқали суд органлари фуқаролар ишончини қозонишга янада яқинлашмоқда. Адолат — давлатнинг таянчи, унинг тамал тоши эканини англаган ҳолда, суд органларига юклатилган масъулият ҳам кўпаяди. Судлар нафақат низоларни ҳал қилувчи, балки жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминловчи асосий устунлардан бирига айланмоқда.

Мазкур ҳуқуқий ислоҳот инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламент ва ижро ҳокимиятидан ташқари суд ҳокимиятининг ўрнини янада юқори мақомга кўтарди. Бу орқали суд мустақиллигини таъминлаш, ташқи таъсирлардан ҳоли қарорлар қабул қилиш, судья фаолиятини баҳолашда жамоатчилик назоратини кучайтириш каби янгиликлар амалиётга татбиқ этилди. Суд ҳужжатларининг ижросини таъминлашдаги тизимли ёндашув ҳам янги қонуннинг асосий жиҳатларидан бири бўлиб, фуқаролар суд қарорлари асосида ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда жиддий тўсиқларга дуч келмасликлари кафолатланмоқда.

Ўзбекистон суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларни нафақат техник, балки фалсафий-маънавий жиҳатдан ҳам чуқур ислоҳ этмоқда. Судга ишонч, адолатни ҳис қилиш, инсон қадрига нисбатан ҳурмат туйғуси — бугунги ҳуқуқий ислоҳотларнинг бош мақсадидир. Янги Конституцияга асосланган ҳолда қабул қилинган ушбу Қонун келажакдаги барча қонунчилик жараёнларига йўл кўрсатувчи муҳим дастуриламал вазифасини бажаради.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг раиси

Номозов Музаффар Эргашович

Related Articles

Back to top button