Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш принципи

Мазкур қоида, яъни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш принципи Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 2-боби, 18-моддасида кўрсатилган бўлиб, унга кўра:
Жиноят ишини юритиш учун масъулиятли барча давлат органлари ва мансабдор шахслар жиноят процессида қатнашаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишлари шарт.
Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.
Суд ва прокурор қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этилган ёки қонун ёхуд суд ҳукмида назарда тутилганидан ортиқ муддат ҳибсда ушлаб турилган ёки қамоқда сақланган ёхуд уй қамоғида бўлган ҳар қандай шахсни дарҳол озод қилиши шарт.
Фуқароларнинг шахсий ҳаёти, уларнинг турар жойлари дахлсизлиги, ўзаро ёзишмалари, телеграф алоқалари ва телефон орқали сўзлашувларининг сир сақланиши қонун билан қўриқланади.
Шахс эгаллаб турган турар жой ёки бошқа бино ва ҳудудда тинтув ўтказиш, олиб қўйиш, кўздан кечириш, алоқа муассасаларида почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва уларни олиб қўйиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш фақат Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексида белгиланган ҳолларда ва тартибда амалга оширилиши мумкин.
Ишни юритиш жараёнида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш оқибатида унга етказилган зарар ҳам Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексида белгиланган асослар ва тартибда ундирилиши лозим.
Мазкур принцип, жиноят-процессуал кодексида белгиланган 17 та принциплардан бири бўлиб, бунга асосан жиноят процессида қатнашаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофаза қилиниши шартлиги қонунларимизда мустаҳкамланганининг яна бир исботидир.
Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.
Сурхондарё вилоят суди
судья катта ёрдамчиси
Ж.Маматалиев




