ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ — ДАВЛАТ БОШҚАРУВИНИНГ ЯНГИ СИФАТ БОСҚИЧИ

Ўзбекистонда аҳоли билан мулоқот қилиш тизими янада такомиллаштирилиб, давлат ва жамият ўртасидаги ишончли кўприк мустаҳкамланмоқда. Президентнинг 2026 йил 1 апрелда қабул қилинган ПФ-51-сон Фармони мазкур йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини замонавий, тезкор ва самарали шаклга келтиришни мақсад қилган.
Мазкур ҳужжатда Халқ қабулхоналарининг ягона вертикал тизимини жорий этиш орқали мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнларини марказлаштириш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса турли даражадаги давлат органлари фаолиятини ўзаро уйғунлаштириб, аҳоли мурожаатларига нисбатан тизимли ва масъулиятли ёндашувни таъминлайди.
Янги тартибга кўра, Президентнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар устидан қатъий вақт назорати ўрнатилади.
Агар белгиланган муддатда мурожаат кўриб чиқилмаса, у автоматик равишда юқори турувчи давлат органига ўтказилади. Бу механизм масъул идораларнинг масъулиятини ошириб, ҳар бир мурожаат ортида турган инсон тақдирига жиддий эътибор қаратишга ундайди.
Мурожаатларни «шошилинч», «оддий» ва «маслаҳат талаб қиладиган» каби тоифаларга ажратиш амалиёти эса уларни тезкор ва мақсадли ҳал этиш имконини яратади.
Назоратга қайтарилган мурожаатларнинг уч иш куни ичида қайта кўриб чиқилиши белгилаб қўйилгани фуқароларнинг мурожаатлари ортиқча кечикишларсиз ҳал этилишини таъминлайди.
Фармонда давлат органлари раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари бўйича ҳисобдорлигини ошириш масаласи ҳам муҳим ўрин тутган. Энди Олий Мажлис палаталарида ҳамда маҳаллий Кенгашларда раҳбарларнинг ҳисоботлари мунтазам эшитиб борилади.
Бу эса раҳбарларнинг жамоатчилик олдида очиқ ва масъулиятли фаолият юритишини таъминлайди.
Шунингдек, ахборот хизматлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш орқали мурожаатлар билан ишлаш жараёнларини ёритиш ва таҳлил қилиш тизими йўлга қўйилмоқда. Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикр ва эътирозларни ўрганиш эса давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда муҳим мезонга айланади.
Янги тизим доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси юридик шахс мақомида ташкил этилиб, ҳудудлардаги қабулхоналар унинг таркибий бўлинмалари сифатида фаолият юритади. Бу эса бошқарувни янада марказлаштириш билан бирга, ҳудудий муаммоларни жойида ҳал этиш имкониятини сақлаб қолади.
Шунингдек, мазкур фармон аҳоли мурожаатлари билан ишлаш маданиятини тубдан янгилаб, давлат органлари фаолиятини инсон манфаатларига хизмат қилувчи, очиқ ва самарали тизимга айлантиришга хизмат қилади. Бу ислоҳотлар орқали ҳар бир фуқаро ўз муаммоси эшитилишига ва адолатли ҳал этилишига янада кўпроқ ишонч ҳосил қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро судининг судяси
Худойқулов Умедилло Равшанович




