Hodisalar

Ошган жиноятлар хусусида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексида ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Бироқ, сўнгги вақтларда ўғирлик жинояти баъзи жойларда кўпайиб, ўзганинг мулкини ўғирлик йўли билан қўлга киритишни ўзига касб қилиб олганлар ҳам орамизда учрамоқда.

Хусусан, фуқаро Р.А ва К.К олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, 2021 йил 6 майга ўтар кечаси соат 01:00 ларда, Денов шаҳрида яшовчи фуқаро Ў.Бнинг яшаш уйи ҳовлисига ғайриқонуний равишда кириб, 15.000.000 сўмлик оқ-қора рангли она-бола сигирни яширин равишда талон-торож қилган.

Бундан ташқари, Р.А такроран ўғирлик жиноятини содир этиш йўлига кириб, К.К  билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, 2021 йил 7 майга ўтар кечаси соат 02:30 ларда, Денов туманида жойлашган, фуқаро А.Хга тегишли озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган савдо дўконига дастлабки терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган темир жисм орқали ғайриқонуний равишда кириб, дўкон ичидан 1 дона “Артел” телевизори, 4 блок сигарет, 1 блок “орбит” сақичи, камера хотираси, 2 кг писта, колбаса маҳсулотлари, 10 дона қўл соатлари, “Сникерс” шоколадлари ва 5.000.000 сўм пулларини яширин равишда талон-торож қилган.

Шунингдек, Р.А такроран ўғирлик жиноятини содир этиш йўлига кириб, жиноий шериклари К.К ва А.А билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, 2021 йил 16 майга ўтар кечаси соат 1-2 ларда Денов туманида яшовчи фуқаро М.Бнинг яшаш уйига бориб, ҳовлисига ғайриқонуний равишда кириб, 6.000.000 сўмлик қора рангли урғочи қорамолни яширин равишда талон-торож қилган.

Суд ҳукми билан Р.Ага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ЖКнинг 60, 61-моддалари тартибида, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 34-моддасига асосан “ўта хавфли рецидивист” деб топилган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг ажрими билан судланувчи Р.Ага тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.

Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича судьяси

М.Маликов

Related Articles

Back to top button