Ўзбекистон

Конституция –инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг муҳим кафолатидир

Мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Юртбошимизнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида миллий қонунчилигимизда нафақат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, балки инсонпарварлик тамойиллари ҳам кучайтирилди.

Бизга маълумки, давлатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ Инсон ҳуқуқлари умужаҳон декларацияси ратификация қилинди ва ундаги инсонпарвар мезонлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий меъёрларига айланди.

Ўзбекистон Республикасида янги таҳрирда қабул қилинган Конституция халқимизнинг янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишларини амалга ошириш сари қўйган яна бир қадами бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 15-моддасининг иккинчи қисмига кўра, Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини англатиши белгиланган.

Бу билан мавжуд қонунларни янада тартибга солиш, айниқса судлар томонидан қонун нормаларини қўллашда юзага келаётган масалалар юзасидан Пленум қарор қабул қилиниши айни муддао бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 23 июнь кунидаги “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 16-сонли қарори қабул қилинди.

Унга кўра, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозим.

Конституциянинг 20-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши; инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини ташкил этиши лозимлиги белгиланган.

Шунга кўра, судлар давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари билан муносабатларда инсон ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида мазкур органлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда Конституцияда белгиланган мутаносиблик принципига риоя қилинганлигини текширишлари лозим.

Бунда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгиланган.

Мухтасар қилиб айтганда Конституция — тараққиётимиз гаровир.

Ш.Қодиров,

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг тергов судьяси

Related Articles

Back to top button