Бу қизиқ

Мавзу: Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллашнинг ҳуқуқий оқибатлари

Ер табиий ресурслар ичида ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Ердан ҳар қандай даврда ва шароитда оқилона, унумли ва илмий асосланган тарзда фойдаланишни тўғри ташкил этиш мамлакат бугуни ва келажаги учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Бунда энг аввало ҳуқуқ нормаларининг аҳамияти беқиёсдир.

Умуммиллий бойлик ҳисобланган ердан оқилона фойдаланишмиз зарур бўлиб, шу сабабли у давлат муҳофазасидадир.

Ер участкаси — ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисмидир.

Ер участкасининг чегараси планларда (чизмаларда) қайд этилади ва натурада (жойнинг ўзида) белгиланади. Ер участкасининг майдони натурада (жойнинг ўзида) чегара белгиланганидан кейин аниқланади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан электрон кўчирма ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатдир.

Юқорида келтирилган тегишли ҳужжатларга эга бўлмасдан туриб ер майдонларини эгаллаб олиш ва унда қурилишларни амалга ошириш қатор ҳуқуқий оқибатларни вужудга келтиради.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди.

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларидаги қонунга хилоф қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланади.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки умуммиллий бойлигимиз бўлган ердан тўғри ва унумли фойдаланишимиз жамиятимиз фаровонлиги учун хизмат қилади. Аксинча, тўлақонли ҳужжатларга эга бўлмасдан, ваколатли идораларининг рухсатномаларини олмасдан туриб ер участкасини эгаллаб олиб, унда қурилишларни амалга ошириш эса қатор ҳуқуқий оқибатларни, жумладан, маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликни ҳам келтириб чиқариши мумкинлигини ёддан чиқармаслигимиз зарур.

Фуқаролик ишлари бўйича

Денов туманлараро суди судья ёрдамчиси                            

Ш.И.Абдимуминов

Related Articles

Back to top button