Маданият

Кибержиноятларнинг олдини олиш — жамият хавфсизлигининг муҳим кафолати

Бугунги кунда ахборот технологиялари жадал ривожланаётган даврда интернет тармоғи инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Шу билан бирга, рақамли муҳитда содир этилаётган турли хил кибержиноятлар ҳам долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Шу сабабли аҳолини кибержиноятлардан ҳимоя қилиш, уларнинг олдини олиш ва бу борада фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида 2026 йил 6 февраль куни ўтказилган мажлиснинг 24-сонли баёнида ҳам айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилиши белгилаб берилган. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида суд органлари томонидан аҳоли ўртасида кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ва тушунтириш ишларини мунтазам равишда амалга ошириш вазифаси юклатилган.
Сўнгги йилларда айрим фирибгар шахслар суд органлари номидан фойдаланиб, турли сохталаштирилган суд ҳужжатлари, ёлғон қўнғироқлар,SMS-хабарномалар ва бошқа электрон воситалар орқали фуқароларни алдаш ҳолатларини амалга оширишга уринаётгани кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар фуқароларни чалғитиш, уларнинг ишончидан фойдаланиб моддий манфаат кўриш мақсадида содир этилади. Шу боис аҳолини бундай киберҳужумлардан огоҳлантириш, уларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини тушунтириш муҳим аҳамият касб этади.

Суд органлари томонидан бу борада олиб борилаётган тарғибот ишлари фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ахборот хавфсизлиги маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. Аҳолига суд органлари фақат қонун доирасида расмий тартибда иш юритиши, сохта хабарлар ва шубҳали қўнғироқларга ишонмаслик лозимлиги, расмий маълумотларни фақат ишончли манбалар орқали текшириш зарурлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган мақолалар, видеороликлар ва тушунтириш материаллари эълон қилиниши аҳолининг бу борадаги хабардорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Кибержиноятларнинг олдини олиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки бутун жамиятнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этади. Фуқароларнинг ҳушёрлиги, ахборот хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиши ва шубҳали ҳолатлар ҳақида тегишли идораларга мурожаат қилиши бундай жиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Жамиятда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, кибержиноятларга қарши курашиш ва аҳолини бу каби хавфлардан муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар барқарор ва хавфсиз рақамли муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда адолатли жамият барпо этиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг раиси

Номозов Музаффар Эргашович

Related Articles

Back to top button