Халқ дардини тинглаш, муаммосини ҳал қилиш-асосий вазифамиз

Тадбиркорлар муаммоларини жойида ўрганиш, мурожаатларини манзилли ҳал этиш ҳамда ҳолатни яхшилаш мақсадида сайёр қабуллар тизимли равишда ташкил этилмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқлар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам туб ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бу жараёнда инсон қадри ва манфаатларини таъминлаш устувор вазифа сифатида биринчи ўринга қўйилмоқда. Ушбу хайрли ишларниннг узвий давоми сифатида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Томорқа мактабида Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантин ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Янгибоевич Туропов иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Қабул давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган хусусий сектор вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоялаш ва уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Мулоқотда воҳада тадбиркорликни янада ривожлантириш, бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш асосий масала сифатида кўриб чиқилди. Афғонистон, Эрон, Покистон, Россия ва қўшни мамлакатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорлар, ташқи савдо фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Жараёнда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, маҳсулотларни экспортга тайёрлаш ва амалга ошириш, экспорт шартномасини тузиш ва рўйхатга қўйиш, экспорт қилинаётган маҳсулотларга турли сертификатлар олиш, уларни транспортга юклаш ва ташиш борасидаги имтиёзлар кўриб чиқилди.
Сайёр қабулда воҳалик тадбиркорлар Тўйчи Турдибоеав, Ўктам Махмудовлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси раҳбарияти ва мутахассислари билан доимий ҳамкорликда иш олиб бораётганликлари, фаолиятлари давомида дуч келган муаммоларига соҳа вакиллари томонидан тегишли кўрсатма ва кўмак берилаётганлигини ҳам эътироф этишди. Дарҳақиқат, таъкидлаш ўринлики, раҳбарларнинг тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришаётгани, уларнинг муаммоларини ҳал этилаётганлиги, бор куч ва имкониятлар ишга солинаётгани тадбиркорларнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, хусусий сектор вакилларини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириб, дунёқарашини тубдан ўзгартириш, яратувчанлик ва ташаббускорлигини оширишга замин яратаётир.
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантин ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов иштирокида сайёр қабул тадбиркорларнинг мурожаатлар қабул қилинди ҳамда мавжуд тизимли муаммолар таҳлил қилиниб, мутассаддилар иштирокида уларнинг ечимини топиш чоралари кўрилди. Кўтарилган масалаларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиш мақсадида масъулларга аниқ топшириқлар берилди, ижро муддатлари белгилаб олинди ҳамда ҳар бир мурожаат ижроси қатъий назоратга олинди.
Ҳудудларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг муаммоларини жойларда ҳал этиш бўйича сайёр қабуллар давом этмоқда.





