Ошган жиноятлар хусусида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексида ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.
Бироқ, сўнгги вақтларда ўғирлик жинояти баъзи жойларда кўпайиб, ўзганинг мулкини ўғирлик йўли билан қўлга киритишни ўзига касб қилиб олганлар ҳам орамизда учрамоқда.
Хусусан, фуқаро А.Н жиноий йўл билан бойлик орттириш мақсадида ўзига олдиндан таниш бўлган маҳалладоши А.И ва А.Қ билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, 2023 йил 28 ноябрдан 29 ноябрь кунига ўтар кечаси соат 01:30 ларда А.Ининг бошқарувида бўлган “Nexia” русумли автомашинасида Ангор туманида жойлашган футбол майдончаси олдига келишиб, келишувга кўра, ўзи атрофни кузатиш мақсадида автомашина олдида қолиб, жиноий шериклари А.Қ ва А.Ини шу маҳаллада яшовчи фуқаро Х.Рнинг яшаш уйига ўғирлик қилиш мақсадида жўнатиб, жиноий шериклари А.Қ ва А.И томонидан ушбу хонадоннинг ётоқхонасида турган ичида 9.000 АҚШ доллари, 116.000.000 сўм пул, умумий нархи 75 минг сўмлик 2 дона компьютер флешкаси ва 2 дона калитлари бўлган нархи 150 минг сўмлик 1 дона темир қутини, жами ҳисоблаганда 227 млн. 60 минг сўмлик мол-мулкларини яширин равишда талон-торож қилишиб, автомашина олдига қайтиб келишгандан сўнг, ҳодиса жойидан яширинишган.
Суд ҳукми билан А.Нга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, бошқа жиноий гуруҳ аъзоларига ҳам тегишли жазолар тайинланган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 18 июлдаги ажрими билан судланувчи А.Нга тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов




