Бу қизиқ

Қонунчиликдаги янгиликлар

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қонунчилик ҳам такомиллаштирилиб борилмоқда.

Қонунларга киритиб борилаётган ўзгаришлардан хабардор бўлиб бориш ҳар бир фуқарога ўз ҳуқуқларини қонуний амалга оширишида кўмак беради.

Хусусан, 2026 йил 11 март куни “Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чоралари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-1121-сонли Қонун қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига электр, иссиқлик энергиясидан, газ ва водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилишини назарда тутадиган, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига эса ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ноаниқликларни бартараф этишга, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга ҳамда бундай ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.

Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 185-2-моддаси биринчи қисмининг санкциясидаги «йигирма беш бараваридан» деган сўзлар «ўттиз бараваридан» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 61-модда учинчи қисмининг санкциясидаги «ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда» деган сўзлар «ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Шу каби, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 100-модда биринчи қисмининг диспозициясидаги «Электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш» деган сўзлар «Мансабдор шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш» деган сўзлар билан алмаштирилди, санкцияси «базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» таҳрирда баён этилди, иккинчи қисмининг санкцияси «базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» таҳририда баён этилди.

Шу каби, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ноаниқликларни бартараф этишга, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга ҳамда бундай ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган қатор ўзгартиришлар киритилди.

Эслатиб ўтамиз, Қонуннинг 5-моддасига кўра, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

М.Маликов

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича судьяси

Related Articles

Back to top button