Бу қизиқ

Суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тартиби

Судда видеоконференцалоқа (бундан буён матнда ВКА деб юритилади) режимидаги суд мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш Олий суд Пленум қарорлари билан тартибга солинади.

Суд томонидан ишда иштирок этувчи шахслар ва суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларидан бирортаси ишни кўраётган судга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг бошқа вилоятида (ҳудудида) жойлашган тақдирда ВКА режимидаги суд мажлиси ўтказилиши мумкин. Судья ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим (қарор)да ишда иштирок этувчи шахсларга, суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига уларнинг ВКА режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқини кўрсатиб ўтади. Иштирок этувчи шахслар ва суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларидан бирортаси ишни кўраётган суд жойлашган вилоятда (ҳудудда) фаолият юритаётган бўлса-да, бироқ, ишни кўриш санасига бошқа вилоятда (ҳудудда) бўлган (хизмат сафари, меҳнат таътили ва бошқа ҳар қандай сабаблар бўйича ҳам) ҳолларда ушбу шахслар ҳам суд мажлисини ВКА режимида ўтказиш ҳақида илтимоснома билдиришга ҳақли ҳисобланади. Бундай илтимоснома юзасидан судья томонидан ажрим (қарор) қабул қилиниб, ишни судда кўришга тайёрлаш чораси сифатида унинг илтимосномасида кўрсатилган суд орқали ВКА режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи тушунтирилади. ВКА режимидаги суд мажлиси ўтказилишининг аниқ санаси ва вақти судья томонидан ишни кўраётган суднинг Ахборот-коммуникация технологиялари бўлими (бундан буён матнда АКТ деб юритилади) ходими билан келишилган ҳолда “Суд мажлисларини ВКА режимида ўтказиш жадвали”дан келиб чиқиб белгиланиши лозим. Судья ёрдамчиси ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримни ишда иштирок этувчи шахсларга, суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатда юборилишини ҳамда бир нусхасини АКТ ходимига рўйхат асосида имзо орқали топширилишини таъминлайди. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга келиб тушган ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказилиб, шу куннинг ўзида АКТ ходимига топширилади. АКТ ходими суд мажлиси ўтказилиши белгиланган вақтдан 5-10 дақиқа олдин ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд билан тўғридан-тўғри ВКА боғланишини ўрнатади, суд мажлисини техник имкониятлар даражасида ўтишини ташкил этади ва таъминлайди. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суднинг АКТ ходими суд мажлиси ўтказилиши белгиланган вақтдан 5-10 дақиқа олдин ишни кўраётган суд билан ВКА боғланиши ўрнатилганини текширади, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар, суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларини ВКА тизими ускуналари билан жиҳозланган хонага киришини, суд мажлисини техник имкониятлар даражасида ўтишини ташкил этади ва таъминлайди.

ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд, суд мажлисини ВКА режимида ўтказилишини бирор-бир сабабга кўра таъминлай олмаган тақдирда, АКТ ходими ишни кўраётган суднинг АКТ ходимига зудлик билан телефон, факс ва бошқа алоқа воситалари орқали хабар беради. Ўз навбатида, ишни кўраётган суднинг АКТ ходими бу ҳақда иш бўйича раислик қилувчи (маърузачи) судьяни хабардор қилади. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд билан ВКА ўрнатишнинг имкони бўлмаган тақдирда, судья процессуал қонун ҳужжатларига асосан ишни кўришни кейинга қолдириш чораларини кўради. Ишда иштирок этувчи шахслар, суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан суд мажлисида тақдим этилган ҳужжатлар, жумладан ишончномалар, аризалар, илтимосномалар, ёзма фикр-мулоҳазалар ва бошқа ёзма далиллар суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суднинг АКТ ходими томонидан сканер ёрдамида электрон шаклга келтирилиб, интернет тармоғи орқали ишни кўраётган судга узатилади. Ишни кўраётган суд томонидан суд мажлисида қабул қилинган ишда иштирок этаётган шахслар томонидан тақдим этилган ашёвий далиллар (видео-файллар, аудиоёзувлар, расмлар ва бошқа ашёвий далиллар) техник имкониятлар мавжуд бўлган ҳолларда АКТ ходими томонидан ВКА тизими орқали намойиш этилиши мумкин.

Суд мажлиси жараёнида суд мажлисини ўтказишга тўсқинлик қиладиган техник носозликлар юзага келган ҳолларда, АКТ ходими судьяга
ВКА режими иш фаолиятини тиклаш учун зарур бўлган муддатни маълум қилган ҳолда хабар беради. Суд мажлиси баённомаси ишни кўраётган судда процессуал қонун ҳужжатлари талаблари асосида тузилади ва унда суд мажлиси ВКА режимида ўтказилганлиги ҳақидаги маълумот кўрсатилиши керак. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суднинг АКТ ходими кейинги иш кунидан кечиктирмасдан суд мажлисида тақдим этилган ҳужжатлар, жумладан ишончномалар, аризалар, илтимосномалар,
ёзма фикр-мулоҳазалар ва бошқа ёзма далилларни кузатув хати орқали илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати асосида ишни кўраётган судга юборади. ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд томонидан юборилган ҳужжатлар ишда қатнашаётган судья ёрдамчиси томонидан иш ҳужжатларига белгиланган тартибда қўшилади. Ишда иштирок этувчи шахслар, суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг ВКА режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи кўрсатилган суд ажримлари ишни кўраётган судда, шунингдек, ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судда ҳар бир суд кесимида алоҳида белгиланган тартибда сақланиб борилиши лозим.

Агар, ВКА режимида суд мажлисида иштирок этиши лозим бўлган шахс ишни кўраётган судга келса, бу шахс суд мажлисида умумий тартибда иштирок этади. Бунда, судья ёрдамчиси ишни кўраётган суднинг АКТ ходимига ВКА режимида суд мажлисини ўтказишнинг зарурати йўқлигини билдиради. Ўз навбатида, ишни кўраётган суднинг АКТ ходими бу ҳақда ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суднинг АКТ ходимини хабардор қилади.

Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.

Сурхондарё вилоят суди

судья катта ёрдамчиси                                                 

Ж.Маматалиев

Related Articles

Back to top button