Оилавий тазйиқ ҳамда зўровонликдан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асослари яратилди

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи бўлиб, унга тажовуз қилиш энг оғир жиноятдир.
Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда” деган фикрлари мавзунинг қанчалик долзарб эканлигини яққол кўрсатиб турибди.
Шу билан бирга бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган, хотин-қизларни шилқимлик ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эмас, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (ўттиз кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини бермайди, алиментларни тўламаганлик учун жазо сифатида жарима солиниши янада кўпроқ молиявий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.
Бундан ташқари Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг, вояга етмаганлар ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) идоралараро комиссияларининг фаолияти ислоҳ этилиб, улар тегишинча Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари этиб қайта ташкил этилди.
Шу мунсабат билан Республикамизда 2023 йил 11 апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сонли Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси қонунларига хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий соҳада ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини амалга оширишида қўллаб-қувватлаш масалаларини тартибга солувчи қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришни назарда тутувчи, шунингдек болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб қўювчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Хусусан, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига 20 та ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, ушбу Кодекс “Оилавий (маиший) зўравонлик” учун жавобгарлкини назарда тутувчи 1261-модда билан тўлдирилди.
Мазкур модданинг биринчи қисмиқга кўра, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса;
иккинчи қисмида хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
учинчи қисмида хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш;
тўртинчи қисмида хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлмаган ва ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган оқибатларга олиб келмаган, лекин соғлиқнинг узоқ вақт, яъни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган даврда ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг ўн фоизидан ўттиз уч фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш;
бешинчи қисми ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
— ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
— ўта шафқатсизлик билан;
— ғаразли ниятларда;
— диний таассублар замирида;
— бир гуруҳ шахслар томонидан;
— такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 97, 104 ва (ёки) 105-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
— ўта хавфли рецидивист томонидан;
— қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса;
олтинчи қисмида хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятини йўқотишга ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқишига ёки унинг функциялари тамоман йўқолишига, руҳий ҳолатнинг бузилишига ёки соғлиқнинг бошқача тарзда ёмонлашувига, умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизидан кам бўлмаган қисмининг йўқолишига ёки ҳомиланинг тушишига ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса;
еттинчи қисмида ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар: — ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
— вояга етмаган шахсга нисбатан;
— ўта шафқатсизлик билан;
— ғаразли ниятларда;
— диний таассублар замирида;
— бир гуруҳ шахслар томонидан;
— қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса;
саккизинчи қисмида ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар: — икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
— такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 97 ва (ёки) 104-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
— ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
— жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлинган ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шу билан бирга мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам 17 та қўшимча ва ўзгартириш киритилди.
Юқоридаги Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексига киритилгани каби Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига “”Оилавий (маиший) зўравонлик” учун жавобгарликни белгиловчи 592-модда билан тўлдирилди.
Мазкур модда икки қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисмида хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса;
Иккинчи қисмида хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказишдан иборат ҳапракатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Бундан ташқари, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Прокуратура тўғрисида»ги;
1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги;
Жиноят-процессуал, Оила ва Меҳнат кодексига;
2008 йил 7 январда қабул қилинган «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ЎРҚ-139-сонли Қонунига;
2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ЎРҚ-263-сонли Қонунига;
2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги ЎРҚ-371-сонли Қонунига;
2017 йил 8 сентябрда қабул қилинган «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ-444-сонли Қонунига;
2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу Қонун хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликнинг олдини олишга, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади, шунингдек Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади.
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг тергов судьяси Ш.Қодиров



