Бу қизиқ

Безорилик жиноятининг майда безориликдан фарқи

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаѐтган туб ислоҳотлар, хусусан жиноятчиликка қарши курашиш сиѐсатида ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг ўрни ва роли сезиларли даражада ошиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддасида назарда тутилган безорилик жинояти ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида белгиланган майда безорилик ҳуқуқбузарлиги жамоат тартибига қарши қаратилганлиги билан ижтимоий хавфли ҳисобланади.

Безорилик жинояти ва майда безорилик мазмунан бир-бирига жуда яқин бўлганлиги учун ҳар бир ички ишлар органи ходими уларни бир-биридан ажрата олиш ва ўз фаолиятида юзага келаѐтган ҳолатларга тўғри ҳуқуқий баҳо бера олиш кўникмасига эга бўлиши талаб этилади. Бунинг учун уларнинг бирбиридан фарқли жиҳатларини ѐритиш лозим бўлади.

Безорилик – жамоат тартибига қарши қаратилган жиноят бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ѐки ўзганинг мулкига анча миқдорда шикаст етказиш ѐхуд уни анча миқдорда нобуд қилишдир.

Маълум бўладики, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик йўли билан содир этиладиган безориликни жиноят сифатида

баҳолаш учун қилмишда қуйидаги белгилардан бири мавжуд бўлиши шарт:

– уриш-дўппослаш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар;

– баданга енгил шикаст етказиш;

– анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда ўзганинг мулкига шикаст етказиш;

– анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда ўзганинг мулкини нобуд қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги “Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиѐти ҳақида”ги 9-сонли қарорига биноан, безорилик қилмишини жиноят сифатида баҳолаш учун юқорида кўрсатилганларнинг (уриш-дўппослаш; баданга енгил шикаст етказиш; -анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда ўзганинг мулкига шикаст етказиш; -анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда ўзганинг мулкини нобуд қилиш) барчасининг бир вақтда мавжуд бўлиши талаб этилмайди.

Хавфли рецидивист ѐки ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган майда безорилик ҳам ўз-ўзидан жиноий жавобгарликни келтириб чиқармайди.

Ўз навбатида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, енгил тан жароҳати етказиш ѐки мулкка анча миқдорда шикаст етказиш ѐхуд нобуд қилиш деганда нимани тушуниш лозимлигини билиб олишимиз зарур.

Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик деганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, одоб ва ахлоқ нормалари, урф-одат, анъаналар билан белгиланган жамоат тартибини (одамлараро муносабатлар, юриш-туриш қоидалари, шаклланган ижтимоий турмуш тарзини) қўпол тарзда бузиш тушунилади.

Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик қуйидаги ҳаракатларда намоѐн бўлиши мумкин:

фуқароларга ҳақоратомуз муомала ва шилқимлик қилиш;

жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш;

жамоат жойларида яланғоч ҳолда бўлиш ва ҳоказоларда ифодаланади.

Безорилик жиноятининг майда безориликдан фарқини қуйидагиларда кўришимиз мумкин:

Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликдир.

Маълум бўладики, жамоат жойларида шахснинг содир этган қилмишини майда безорилик деб баҳолаш учун унда:

– уятли сўзлар билан сўкиниш;

– фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш;

– жамоат тартибини бузувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш;

– фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатлар содир этилади.

Агарда, шахс майда безорилик ҳаракатларини давом эттириб, айбдорнинг кейинги ҳаракатлари шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ѐки мулкка анча миқдорда шикаст етказиш ѐхуд нобуд қилиш билан содир этилган бўлса, шахс маъмурий жавобгарликка тортилмасдан, фақат  жиноий жавобгарликка тортилиши лозим.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи тумани суди тергов судьяси

Ш.Қодиров

Related Articles

Back to top button