Одил судлов – инсон манфаатларининг мустаҳкам қалқони

Янги Ўзбекистон тараққиёт босқичида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва энг муҳими, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш устувор вазифага айланди.
Бу жараёнда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида ўрин тутади.
Чунки адолатли судлов — ҳар қандай демократик жамиятнинг мустаҳкам таянчи ҳисобланади.
Сўнгги йилларда қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатлардаги ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, маъмурий судлар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларни ҳақиқий маънода инсон манфаатларининг ҳимоячисига айлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Амалиётдаги энг катта янгиликлардан бири — далилларни тўплаш мажбуриятининг суд зиммасига юкланиши бўлди. Бу эса фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги тенгликни таъминлашга, адолатли қарор қабул қилинишига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, давлат органлари қарорлари натижасида етказилган зарарни ундириш масаласининг ҳам маъмурий судлар ваколатига киритилиши фуқаролар учун кенг имкониятлар яратди.
Ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати — суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш механизмларининг кучайтирилганидир. Эндиликда суд ҳужжатлари ўз вақтида бажарилмаган тақдирда мансабдор шахсларга нисбатан жарималар қўлланилиши белгилаб қўйилди.
Бу эса қонун устуворлигини таъминлаш ва адолат қарор топишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, суд тизимида инсон омилига алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Хусусан, судьялар ва суд ходимларининг ойлик маошлари босқичма-босқич оширилиб, уларнинг моддий таъминоти сезиларли даражада яхшиланди.
Бу эса ўз навбатида, уларнинг масъулиятини янада ошириш, касбий фаолиятини холис ва мустақил равишда амалга оширишга замин яратмоқда.
Бундан ташқари, суд органлари замонавий бинолар, илғор ахборот технологиялари ва зарур техник жиҳозлар билан таъминланмоқда.
Янги қурилаётган ва реконструкция қилинаётган суд бинолари фуқаролар учун қулай шарт-шароитларни яратиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Электрон суд тизимининг жорий этилиши эса мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини тезлаштириб, инсон омили билан боғлиқ ортиқча тўсиқларни бартараф этмоқда.
Шунингдек, “ягона дарча” тамойилининг жорий қилиниши орқали фуқароларнинг судларга мурожаат қилиш жараёни янада соддалаштирилди. Энди ариза нотўғри судга тақдим этилган тақдирда ҳам уни рад этиш эмас, балки ваколатли судга ўтказиш амалиёти қўлланилмоқда.
Бу эса оддий инсонлар учун катта енгиллик яратади.
Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларда келишув битимларини тузиш имкониятининг яратилиши ҳам муҳим қадам бўлди.
Бу орқали тарафлар ўртасидаги келишмовчиликларни судгача ёки суд жараёнида тинч йўл билан ҳал қилиш имконияти кенгайди.
Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари нафақат тизимни модернизация қилишга, балки инсон қадрини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Судьялар ва суд ходимлари учун яратилаётган муносиб шарт-шароитлар, моддий ва техник таъминотнинг яхшиланиши эса одил судловни таъминлашнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.
Одил судлов қарор топган жамиятда адолат, ишонч ва тараққиёт барқарор бўлади.
Шу маънода, бугунги ислоҳотлар — эртанги адолатли жамиятнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро судининг девонхона мудири
Боборажабов Ёқубжон Муродалиевич




