Бу қизиқ

Суд-экспертлик фаолияти рақамлаштирилади: соҳада янги босқич

Ўзбекистонда суд-экспертлик соҳасини тубдан янгилаш ва замонавий технологиялар асосида ривожлантириш йўналишида муҳим қадам қўйилди. Президентнинг 2025 йил 8 сентябрда қабул қилинган ПҚ-270-сонли қарори бу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришни назарда тутади.

Қарорда суд-экспертлик фаолиятини такомиллаштиришнинг бир нечта устувор вазифалари белгилаб қўйилди:

Суд-экспертизани рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш орқали тадқиқотларни тезкор, холис ва аниқ ўтказиш;

Суд-экспертиза ташкилотлари ҳамда экспертиза тайинловчи органлар ўртасида ахборот тизимларини интеграция қилиш ва электрон ҳужжатлар алмашинувини 100 фоизга етказиш.

Энг муҳим янгиликлардан бири – судлар, тергов ва маъмурий ишларни кўриб чиқувчи органлар билан электрон ҳужжатлар алмашинувини таъминловчи “E-ekspertiza” ахборот тизимининг тўлиқ жорий этилишидир. Унга кўра:

2026 йил 1 январдан – республика даражасидаги экспертиза тайинловчи органлар;

2026 йил 1 июндан – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги органлар;

2026 йил 1 сентябрдан – туман ва шаҳар даражасидаги органлар мазкур тизим орқали ишлайди.

Бу қадам соҳада шаффофликни ошириш, қоғозбозликни камайтириш ва суд ишларининг сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг ихтиёрий аъзолигига асосланган Ўзбекистон суд экспертлари палатаси ташкил этилади.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ҳузурида Эксперт-малака комиссияси фаолияти йўлга қўйилиб, нодавлат экспертларнинг касбий тайёргарлик даражаси ва қонуний фаолияти назорат қилинади.

2025 йил 1 декабрдан нодавлат экспертларга якка тартибда суд-экспертлик бюроси шаклида ишлаш ҳуқуқи берилади. Бу, ўз навбатида, соҳага рақобат ва сифатли хизматларни жалб этади.

2025 йил 1 ноябрдан – адвокат сўровига кўра маъмурий ишлар бўйича шартнома асосида экспертиза ўтказиш тартиби амалга киритилади.

2025 йил 15 декабрдан – фуқаролар “Sud-ekspert” портали орқали Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказига онлайн мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади.

2026 йил 1 январдан – Республика суд экспертизаси маркази суд экспертлари объектларни кўздан кечириш чоғида мажбурий равишда бодикамералардан фойдаланади. Бу жараёнларнинг очиқлигини таъминлайди.

Президент қарори суд-экспертлик соҳасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Рақамлаштириш, сунъий интеллект технологиялари ва электрон платформалар жорий этилиши суд жараёнларини янада тезкор ва холис қилиш билан бирга, фуқаролар учун шаффоф ва қулай муҳит яратади. Шу билан бирга, нодавлат экспертлик институтлари ва мустақил бюроларнинг фаолияти суд-экспертиза хизматлари бозорида соғлом рақобат ва сифатни таъминлайди. Бу ислоҳотлар орқали Ўзбекистон суд-экспертиза тизими замонавий, технологияларга асосланган ва халқаро стандартларга мос ҳолда ривожланиши шубҳасиз.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг судяси

Туранов Қаҳрамон Холназарович

Related Articles

Back to top button