Бу қизиқ

Ӯзбошимчалик билан қурилган иншоотларга ҳуқуқий ечим “Ер ва мулк ҳуқуқини муҳофаза қилиш йўлидаги қадам -ЎРҚ-937”

Ӯзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-937-сонли Қонуни 2024 йил 5 августда қабул қилиниб, 8 ноябрдан кучга кирди. Мазкур қонуннинг асосий мақсади — ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ва уларда қурилган уй-жой ҳамда иншоотларни ҳуқуқий майдонга киритиш, фуқароларнинг мулк ва ижара ҳуқуқларини қонуний тартибда тан олишдан иборатдир. Шу тариқа, қонун орқали ер муносабатларида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар бартараф этилишига замин яратилди.

Қонун 2018 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар ва эгаллаб олинган ерларга нисбатан қўлланилади. Бунда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган объектларга қонун доирасида ижара ҳуқуқи ёки мулк ҳуқуқи эътироф этилиши мумкин. Якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун ижара муддати 99 йил, бошқа турдаги ер участкалари учун эса 49 йил қилиб белгиланган. Бу эса ер ва мулк ҳуқуқларини кафолатлаш, фуқароларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда иқтисодий фаолликка кенг йўл очиш имконини беради.

Ҳуқуқни эътироф этиш учун бир қатор шартлар белгиланган: ер бошқа шахсларга ажратилмаган ёки аукционга қўйилмаган бўлиши, низога сабаб бўлмаслиги ва ер ёки объект учун солиқ қарзлари мавжуд бўлмаслиги зарур. Шу билан бирга, қонун ҳужжатлари ижроси жараёнида жамоатчилик иштирокини таъминлаш мақсадида маҳалла фаоллари, халқ депутатлари ва фуқаролардан иборат махсус гуруҳлар ташкил этилади. Улар хатлов ва ҳуқуқни эътироф этиш жараёнида назоратчи сифатида иштирок этади. Бу эса жараённинг ошкора ва адолатли бўлишини таъминлайди.

Қонуннинг амал қилиш муддати 2028 йил 1 январигача деб белгиланган. Бу давр мобайнида Кадастр агентлиги томонидан махсус автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилиб, барча хатлов натижалари ва ҳуқуқлар электрон базага киритилади. Бу эса жараённи шаффоф ва самарали ташкил этиш, фуқароларга қулайлик яратишга хизмат қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил май ойидаги қарорига кўра, ҳозирга қадар юз минглаб объектлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг катта қисмига ҳуқуқ тан олинди.

Ушбу қонун аҳамиятли томони билан ҳам алоҳида ўрин тутади. Аввало, у фуқароларнинг ер ва мулк ҳуқуқини қонуний асосда мустаҳкамлайди. Иккинчидан, ердан самарали фойдаланиш, солиқ тушумларини ошириш, давлат кадастрларини янгилаш каби иқтисодий самараларга эришиш имконини беради. Учинчидан, жамиятда ҳуқуқий аниқликни таъминлаб, узоқ йиллардан буён ҳал этилмаган низоларга чек қўйилади.

Хулоса қилиб айтганда, ЎРҚ-937 Қонуни “ер амнистияси” сифатида аҳоли ва тадбиркорларга катта имкониятлар эшигини очиб берди. Бу орқали ҳар бир фуқаро ўз уйи ёки ер майдонига нисбатан қонуний ҳуқуқка эга бўлади, давлат эса ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлайди. Қонуннинг амалий ижроси нафақат ҳуқуқий барқарорликни мустаҳкамлайди, балки мамлакатда ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят судининг судяси Рахимов Соҳиб Хайитмуротович

Related Articles

Back to top button