Бу қизиқ

Озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўзига хос хусусиятлари

Жиноят содир этганликдан айбланиб, суднинг ҳукми бўйича шахсга нисбатан озодликдан маҳкум қилиш жазоси тайинланади. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси маҳкумни жамиятдан ажратиб жазони ижро этиш колонияси ёки турмага жойлаштиришдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 50-моддасида, озодликдан маҳкум қилиш жазоси кимларга ва қанча муддати тайинланиши ҳақида рахбарий нормалар бериб ўтилган.

Жумладан, озодликдан маҳрум қилиш бир ойдан йигирма йилгача муддатга белгиланади, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш йигирма йилдан ортиқ, лекин йигирма беш йилдан кўп бўлмаган муддатга белгиланади ва фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш
(97-модданинг иккинчи қисми) ва терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун тайинланиши мумкин.

Узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси аёлга, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга ва олтмиш ёшдан ошган эркакка нисбатан тайинланиши мумкин эмас.

Озодликдан маҳрум қилиш ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган бир неча жазоларни қўшиш тартибида тайинланганда, унинг муддати йигирма беш йилгача белгиланиши мумкин.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган эркакларга нисбатан:

а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жинояти, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жинояти учун ва қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётганларга нисбатан жазони манзил-колонияларда;

б) қасддан оғир жиноят содир этганлик ва ўта оғир жинояти учун биринчи марта озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётганларга нисбатан жазони умумий тартибли колонияларда;

в) илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаб чиқиб ёки ўтаётган чоғида, қасддан янги содир этган жинояти учун ҳукм қилинаётганларга нисбатан жазони қаттиқ тартибли колонияларда;

г) ўта хавфли рецидивистларга нисбатан жазони махсус тартибли колонияларда ўташ тайинланади. Умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганлар, шунингдек афв этиш тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар ҳам жазони махсус тартибли колонияларда ўтайдилар.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга нисбатан:

а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганларга ҳамда қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганларга нисбатан жазони манзил-колонияларда;

б) оғир ва ўта оғир жиноят учун жазони умумий тартибли колонияларда;

в) илгари озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаб чиқиб, янги содир этган ўта оғир жинояти учун ҳукм қилинаётганларга, шунингдек ўта хавфли рецидивист деб топилганларга нисбатан жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ тайинланади.

Турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилиш, жазонинг муайян қисмига, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга:

а) ўта хавфли рецидивистларга;

б) оғир ёки ўта оғир жинояти учун беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин.

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганлик ва қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо ҳомиладор аёлларга ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан, шунингдек қонунчиликка мувофиқ ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

Суд томонидан жазони манзил-колонияда ўташи тайинланган маҳкум сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб топилган тақдирда, суд уни жазонинг ўталмаган қисми муддатига умумий тартибли колонияга ўтказади.

Бундан ташқари, ушбу кодекснинг 51-моддасида, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳам тушунтириш бериб ўтилган бўлиб, унга кўра, умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси бўлиб, маҳкумни махсус тартибли жазони ижро этиш колониясига жойлаштириш орқали жамиятдан муддатсиз ажратиб қўйишдан иборатдир.

Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми) ва терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун белгиланади. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси аёлга, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга ва олтмиш ёшдан ошган эркакка нисбатан тайинланиши мумкин эмас.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда ҳеч кимни қонунга асосланмаган ҳолатда унинг озодлиги чекланиши мумкин эмас. Зеро, Конситутциямизнинг 27-моддасида ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас, деб фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинган.

Вилоят судининг

судья катта ёрдамчиси                                              

Б.Нормуродов

Related Articles

Back to top button