Маданият

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1047-сонли Қонуннинг мазмун моҳияти хусусида

Маълумки, жамият, давлат ривожланиб бориши билан ундаги мавжуд тизим ҳам ўзгаришни, ислоҳотни талаб қила бошлайди. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизими ва уларнинг ишлаш механизми ҳам бундан мустасно эмас.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳатлар ҳақида сўз борганда, жиноят содир этган шахсни нафақат жазолаш, шу билан биргаликда қонунчиликда белгиланган асосларга кўра, жавобгарлик ва жазодан озод қилишга оид ҳуқуқий меъёрларнинг босқичма-босқич тарзда такомиллаштирилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шу муносабат билан 2025 йил 11 март куни Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1047-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонунни қабул қилишда кейинги йилларда мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилишини либераллаштириш, умуман одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини берилганлиги, натижада ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилаётганлиги, шу билан бирга бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжудлиги таъкидланган.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 209-моддасига «Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилши;

ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқланиши ҳақида қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

Шунингдек, ушбу модда «Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги, шунингдек гувоҳнинг қасамёди аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади» мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди.

Шу каби, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига юқоридаги каби қўшимча ва ўзгартириш киритилди.

Ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Жиноят ишлари бўйича

Термиз туман судининг тергов судьяси        О.Абдурасулов

Related Articles

Back to top button