Одам савдоси жинояти учун жавобгарлик хусусида
Маълумки, бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Одам савдоси жиноятлари учун қатъий жиноий жавобгарликни белгиланганлиги ҳам бунга яққол мисол бўла олади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасида; “Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш-
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали;
б) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
в) ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан;
г) айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан;
д) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
е) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
ж) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;
з) жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда;
и) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда;
к) инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш мақсадида содир этилган бўлса;
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса;
б) жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса;
в) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
г) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса,-
саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деб белгиланган.
Хулоса шуки, одам савдосига қарши курашишда ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятнинг аҳамияти жуда муҳим ҳисобланади.
Сурхондарё вилоят суди жиноят
ишлари бўйича судьяси М.Маликов