Баданга қасддан шикаст етказишга оид жиноят ишларини кўришнинг ўзига хос хусусиятлари
Баданга қасддан шикаст етказишга оид жиноят ишлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-110-моддасида белгилаб қўйилган мазкур моддалар диспозициясида кўрсатилган шикастни бошқа бир одамга ҳуқуққа хилоф равишда етказишга нисбатан қасд (тўғри ёки эгри) мавжуд бўлгандагина келиб чиқади.
Мазкур моддаларни судларда қўллаш амалиёти бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 27.06.2007 йилдаги 6-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, баданга шикаст етказиш деганда, инсон органлари ёки организми тўқималари анатомик тўкислиги ёки улар физиологик функциясининг ташқи таъсир оқибатида бузилиши тушунилмоғи лозимлиги кўрсатилган.
Шунингдек, ушбу қарорда баданга етказилган шикастнинг хусусияти ва оғирлик даражасини аниқлаш, одатда, тиббиёт органлари ваколатига тааллуқли бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2012 йил 1 июндаги 153-сонли буйруғи билан тасдиқланган тан жароҳатларининг оғирлик даражасини суд-тиббий аниқлаш қоидаларига мувофиқ ўтказилиши кўрсатилган.
Шунингдек, ушбу Пленум қарорида баданга шикаст етказишга оид ишлар бўйича қилмишни тўғри квалификация қилиш учун айб шакли, баданга шикаст етказиш мотиви, мақсади ва усули, айбдорнинг қилмиши билан келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги, шунингдек ишнинг тўғри ҳал этилиши ва айбдорга адолатли жазо белгиланиши учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар батафсил аниқланиши лозимлиги белгилаб берилган.
Бундан ташқари, ушбу қарорда, баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашиш ҳолатига қуйидаги таъриф бериб ўтган.
Жарроҳлик аралашувисиз бартараф этиб бўлмайдиган инсон қиёфасига ёқимсиз, сескантирадиган кўриниш берувчи жароҳат (жумладан, механик таъсир, олов, агрессив моддалар ва ҳ.к.лар таъсирида юз симметриясининг, мимиканинг бузилиши, чуқур чандиқлар, кертиклар пайдо бўлиши, баданнинг яра босиши, бурун, лаб, қулоқнинг ажратилиши ва бошқа нуқсонлар) тушунилиши лозим.
Шунингдек, ушбу Пленум қарорида ушбу турдаги жиноят ишларини кўришда ўта шафқатсизлик билан содир этилган жиноятларни таҳлил қилиш ҳам белгилаб берилган бўлиб, унга кўра, баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказишга сабаб бўлган азоблаш ва қийнашда намоён бўлиш, бунда азоблаш деганда, узоқ вақт овқат, сув ёки иссиқликдан маҳрум қилиш каби хўрловчи ҳаракатлар, ёхуд инсонни соғлиқ учун зиён етказувчи шароитга солиш ёки унда қолдириш ва ҳ.к. тушунилиши лозим.
Қийнаш деганда, кўп марта ёки узоқ вақт давомида оғриқ етказувчи, жумладан, муттасил дўппослаш, чимчилаш, кесиш, ўтмас ёки ўткир-санчилувчи (кесувчи) предметлар билан кўп сонли, бироқ чуқур бўлмаган жароҳатлар етказиш, электр ёки термик омиллар орқали таъсир кўрсатиш ва ҳ.к. билан боғлиқ ҳаракатлар тушунилиши лозим.
Баданга қасддан оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш усулини ўта шафқатсизлик хусусиятига эга деб топиш масаласини ҳал қилиш суд-тиббиёт экспертининг эмас, тергов органлари ва судлар ваколатига тааллуқли.
Жабрланувчи учун яқин шахслар кўз ўнгида унинг баданига қасддан оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш ҳолати ҳам башарти бунда айбдор ўз ҳаракатлари билан уларга алоҳида азоб бераётганлигини англаган бўлса, айбдор томонидан намоён этилган ўта шафқатсизлик ифодаси сифатида баҳоланиши лозим. Жабрланувчи учун яқин шахслар тоифасига унинг яқин қариндошлари билан бир қаторда, у билан алоҳида дўстлик муносабатларида бўлган шахслар ҳам киритилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, баданга қасддан шикаст етказишга оид жиноят ишларини кўришда айбнинг шакли, баданга шикаст етказиш мотиви, мақсади ва усули, айбдорнинг қилмиши билан келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлигига алохида эътибор қаратиш лозим.
Вилоят судининг судья катта ёрдамячиси
Б.Нормуродов