АдабиётМаданият

ЎН ЙИЛДАН СЎНГ ТУЗАТИЛГАН ХАТО

«Алимардон Тўраев бўламан…Алимардон Тўраев! Ҳали шундай қўшиқлар айтайки, концерт залларингнинг шифтлари учиб кетсин…» Ҳа, сизга таниш бўлган ушбу сўзлар халқимизга маълум-у машҳур «Баҳор қайтмайди» видеофильмининг бош қаҳрамони тилидан янграйди.
 
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг «Баҳор қайтмайди» қиссаси асосида режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов суратга олган мазкур видеофильм ҳалигача томошабинлар олқишига сазовор бўлмоқда. «Киножараён» рукни орқали бу гал мазкур видеофильм билан боғлиқ хотираларни ёритишни лозим топдик.
 
«ФОНОГРАММАНИ БИЗ БОШЛАГАНМИЗ»
 
Мираббос Мирзааҳмедов, «Баҳор қайтмайди» видеофильми режиссёри:
 
-«Баҳор қайтмайди» видеофильмини суратга олишдан аввал асарда Алимардон Тўраев куйлаши керак бўлган «Кетмоқдаман» қўшиғининг матнини кўплаб санъаткорларга тақдим қилганмиз. Боиси, бош қаҳрамон роли ижрочиси Лутфулла Саъдуллаев яхши қўшиқ айта олишига қарамай, худди ҳинд фильмларидаги каби профессионал ҳофизнинг ёрдамидан фойдаланмоқчи бўлганмиз. Қизиғи шундаки, у пайтларда «фонограмма» деган сўз йўқ эди. Телевидение ёки радио орқали бериладиган куй-қўшиқлар фақатгина жонли ижро этиларди.
Хуллас, қўшиқ куйлайдиган номзодлар орасида Ҳожиакбар Ҳамидовнинг ижроси кўпчиликка, шу жумладан, асар муаллифига ҳам маъқул бўлди. Қўшиқ студияда ёзилгач, кассетанинг бир нусхасини Лутфуллага бердик. У эса ҳар куни магнитафонни ёқиб олиб, қўшиққа монанд оғиз қимирлатиб, ҳаракатланишни ўрганди. Энг қизиғи, Лутфулла Саъдуллаев фонограммани шу қадар қотирдики, ўша пайтда видеофильмни кўрган аксарият томошабинлар «Лутфулла ака қўшиқни жуда яхши айтар экан», деб мақташганди.
 
«ДЎСТИМНИ УРИШГА ҚЎЛИМ БОРМАЙДИ»
 
Эсингизда бўлса, икки дўст суҳбатлашадиган саҳналарнинг бирида Алимардон «Уйланмоқчиман», дейди. Дўсти Анварнинг «Кимга уйланяпсан?» деган сўроғига жавобан: «Муқаддамга. Энди у менга тегишга мажбур»,-деб жавоб қайтаради. Шу пайт Анвар унинг юзига қаттиқ шапалоқ тортиши керак. Бир нечта дубль олсак-да, саҳна ҳечам кўнгилдагидай чиқмади. Ўшанда Анвар роли ижрочиси Рустам Абзаловга: «Лутфуллани қаттиқроқ урсанг-чи. Шапалоқ тортганингда, шарақлаган овоз чиқсин. Ахир сен аламзадасан-ку», десам «Лутфулла дўстим-ку. Қандай ураман?» дейди хижолат бўлиб. Ушбу саҳнани бир нечта дубль натижасидагина бир амаллаб суратга туширганмиз.
 
«ИЛТИМОС, КАМЕРАГА ҚАРАМАНГ!»
 
Айни пайтда бадиий фильм суратга олаётган режиссёрлар баъзан оммавий саҳналарни тасвирга туширишда компьютер дастуридан фойдаланиб қўя қолишади. Негаки бундай кадрларда кўпчилик билан ишлаш анча машаққатли. Худди шундай муаммога биз ҳам дуч келганмиз. «Баҳор қайтмайди»нинг бош қаҳрамони—Алимардон Тўраевнинг концерт саҳналарини тасвирга олишда бизга энг камида 200-300 нафар томошабин керак эди. Ўйлай-ўйлай, бу кадрга «Панорама» (ҳозирги Алишер Навоий номидаги санъат саройи)га кино кўргани келган одамларни тасвирга олишни мўлжаллаганмиз. Дастлаб «Алимардон Тўраев концерт беряпти» мазмунидаги каттакон афишаларни бир неча жойга илиб қўйганмиз. Сўнг кинотеатрнинг чиқиш эшиги олдида камераларни тайёрлаб, фильм томоша қилгани келган одамларнинг чиқишини пойлаб турганмиз. Чунки кинотомошабинлар Алимардон Тўраевнинг мухлислари ролини ўйнаб беришлари керак эди-да. Бахтга қарши, уларнинг аксарияти камера томонга қараб қўярди. «Илтимос, камерага қараманг»,-дея уларнинг ҳар бирига айтиб чиқишнинг иложи йўқ. Лутфулла Саъдуллаев эса одамларнинг ўртасида туриб, уларга гўёки ҳофиз сифатида дастхат ёзиб беряпти. Минг машаққат билан тасвирга олинган кадрларни монтаж жараёнида аранг эпақага келтирганмиз.
 
«БЕНЗИНИ ЙЎҚ МАШИНАНИ ҲАМ ҲАЙДАЙМАН»
 
Маълумки, асарда бош қаҳрамон «Волга» русумли автомашина миниб юради. Шу боис иш жараёнида яқин бир оғайнимизнинг қора рангли «Волга»сини сўраб турганмиз. Аммо уни киностудия павильонига олиб кириш қийинчилик туғдирган. Негаки ўша вақтда машинанинг тозалигигача қаттиқ эътибор берилар, ҳатто киностудияга олиб киришда унинг ичидаги бензин ҳам тўкиб ташланиши керак эди. Хуллас, суратга олиш гуруҳи аъзолари машинани киностудияга—4-5 километр масофага итариб олиб кирганмиз. Қизиғи шундаки, камера ишга тушгач, бош роль ижрочиси Лутфулла Саъдуллаев машинани ҳайдаши керак. «Волга»нинг бакидаги бензинни эса тўктириб юборишган.
 
Шу боис съёмка пайтида Лутфулла Саъдуллаев ҳайдовчининг ўриндиғига ўтиргач, беш-олти киши машинанинг орқасига ўтиб, «Волга»ни қаттиқ силкита бошлади. Шу тариқа тасвирга туширилган кадрларда томошабин бош қаҳрамонни худди машина миниб кетаётгандек тасаввур қилади.
 
Видеофильм якунидаги кадрларнинг бирида эса машина тоғ йўлида кетаётиб, жарликка қулаб тушиши керак. «Бу саҳнани қандай суратга оламиз?» деб бошимиз қотиб турган кунларнинг бирида Тошкентда кинофестиваль ташкил қилинди. Бахтимизга, намойиш этилаётган бадиий фильмлардан бирида тоғдан пастга «Волга» машинаси қулаб тушадиган саҳна бор экан. Кино эгаларининг рухсати билан биз ҳам айнан ўша фильмдаги кадрдан фойдаланганмиз. Кулгили жиҳати шундаки, биз кўчирма қилган кадрда оқ рангли машина ҳаракатланади. Боз устига, «Баҳор қайтмайди»да «Волга» ярим тунда ағанаши керак. Аммо имкониятларимиз чеклангани боис видеофильмни ўшандай ҳолатда эфирга бердик. Орадан бир неча йил ўтиб, янги келган бир аппарат ёрдамида кундузи олинган тасвирни ярим тундагига, кечаси суратга олинган кадрни эса кундузгидек қилиб тасвирлаш имкони борлигини эшитиб қолдим-у, тинчимни йўқотдим. Видеофильмнинг сўнгги вариантини ишлаганимизда ана шу имкониятдан фойдаланиб, машинани ярим кечаси ағдарилгандек тўғрилаб қўйганмиз.
 
ҲЕЧДАН КЎРА КЕЧ…
 
80-йилларда видеофильмни қайта монтаж қилиб, ярим соатлик қисмларга ажратиб бериш таклифи ўртага ташланди. Монтаж хонасида фильмни кўриб ўтириб, титрдаги ёзувга кўзим тушди-ю, «Ия, буни қаранглар»,-дея капалагим учиб кетди. Яъни видеофильм якунида роль ижрочиларининг рўйхати келтирилган, асосий қаҳрамоннинг исми эса «Алимарадон Тўраев» деган хато ёзув билан ёзилган экан. Асарни рангли ҳолатда учинчи бор қайта ишлаганимизда, ана шу хато—бош қаҳрамоннинг исмидаги битта ортиқча «а» ҳарфини олиб ташлаганмиз. Бунгача эса орадан ўн йил вақт ўтган, видеофильм эса телевидение орқали салкам юз маротаба намойиш этилган, титрдаги хато ёзувга эса ҳеч ким эътироз билдирмаган.
 
ЁЛҒОННИ ҲАМ ЭПЛАШ КЕРАК
 
Лутфулла Саъдуллаев, Алимардон роли ижрочиси:
 
-Эътибор берсангиз, «Баҳор қайтмайди»да қаҳрамоним Алимардон Тўраев ресторанда ароқ ичиб ўтирадиган саҳна бор. Кадрни суратга олишдан аввал битта ароқ шишасини яхшилаб тозалаб, ичига муздеккин сув қуйиб қўйишган. Съёмка жараёнида ароқ ўрнига шиша идишдан рюмкага сув қуйиб ичаман-да, газагига ликобчадаги помидор ва бодрингдан ейман-у, «Ишқилиб, қорним оғриб, ётиб қолмасам бўлгани»,-деган ўй хаёлимдан ўтади. Ўша куни ресторан саҳнаси бир неча марта тасвирга туширилганига қарамай, ҳартугул, соғлиғимга зиён етмаган.
 
ҚАРСАКЛАР…ҚАРСАКЛАР…
 
Бош қаҳрамоним катта саройда концерт берадиган саҳналар суратга олинаётганда, табиийки, ҳофизнинг шаънига томошабинлар қарсак чалиши керак. Аввалига «Шу ўринда бирор машҳур хонанданинг концертидан фойдалансак, яхши бўларди»,-деб ўйлаб юрардим. Чунки зални тўлдириб ўтирган томошабинларнинг қарсаклари ниҳоятда жонли чиқади-да. Аммо режиссёр бунинг ҳам иложини топган. Яъни Алимардон Тўраев «Кетмоқдаман» номли қўшиқни айтгандан кейинги кадрни суратга олишда камера ортида 15-20 киши қарсак чалиб турган. Бу эса экранда умуман билинмайди.
 
Нурилло НЎЪМОНОВ, Ҳордиқ плюс 2011 йил 30 август.
 
Шухратбек Само саҳифасидан олинди.

Related Articles

Back to top button