“БИРНИ КЕССАНГ, ЎННИ ЭК” ЯШИЛ МАКОН УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Давлатимиз раҳбари раислигида 21 октябрь куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Маълумот учун айтиш муҳимки, мамлакатимизда ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута экиб, яшиллик миқёсини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш мақсади белгиланган. Сўнгги йилларда бу кўрсаткич 12 фоизга етди. Жорий йилдан бошлаб, йўл, дарё ва каналларга туташ 2 минг гектар ер 10 минг аҳоли ва тадбиркорларга экиш учун ижарага берилди. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида бюджетдан 49 миллиард сўм ажратилиб, маҳаллаларда 215 та янги боғ яратилаяпти. Белгиланган топшириққа асосан, аввало, юртимизнинг иқлимга мос кўчатларни кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда. Юртимиз ҳудудларида бир неча гектарли ер майдони текисланиб, шудгор қилиниб, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, ушбу янги боғларда бир неча минг мевали кўчатлар экилди. Йил давомида кўчатларни агротехник талабларга мос равишда экиш, уларни келгусида парваришлаш, яъни суғориш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирларини тўғри ташкил этиш учун соҳанинг илмий ва малакали мутахассислари жалб этилиб, жойларда амалий семинар ўтказилди. Янги экилган кўчатларни сақлаб қолиш мақсадида суғориш ва парвариш қилиш тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш учун далолатномалар билан маъсулларга бириктирилмоқда.
Юртимиз бўйлаб давом этаётган умуммиллий лойиҳа доирасида Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари ва унинг туман бўлими карантин инспекторлари ҳам жадал суратларда иш олиб бормоқда. Улар ушбу хайрли тадбирларда иштирок этиб, воҳанинг экотизимини яхшилаш мақсадида янги ташкил этилаётган боғ ва йўл четларига 4000 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишни режалаштирган. Таъкидлаш муҳимки, экилаётган дарахт кўчатлари ҳудудларнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинмоқда.
Халқимиз азалдан тупроқни, сувни, табиатни муқаддас деб билган. “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Зеро, яшаб турган жойимизни озода сақлаб, она табиатга меҳр ва эътибор берсак келажак авлод ҳам муносиб экологик шароитда яшайди.
Бугун юртимизда дарахт экиш умуммиллий ҳаракатга айланиб улгурди. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси экологик вазиятни янада яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришларига миллий ечим сифатидаги ноёб лойиҳа бўлди. Биз боғ яратиш лойиҳамизни изчил давом эттирамиз. Президентимизнинг “Яшил макон” лойиҳаси энг чекка туман ва қишлоқларгача етиб боришига ўз ҳиссамизни қўшамиз. Бугун олимларимизнинг жаҳон тажрибаси асосида экаётган кўчат сирларини маҳаллий аҳоли билан баҳам кўраётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Бу бизнинг келгусидаги деҳқончилик ва боғдорчилик ишларини тўғри йўлга қўйишимизда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Хислат Чориев
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари