Бу қизиқ

Жиноят қонунчилигида жазотайинлаш

Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигида қандай ижтимоий хавфли, ҳуқуққа хилоф ва айбли қилмишларнинг жиноят эканлиги аниқланиб, уларнинг яна бир асосий белги сифатида жазога сазоворлиги кўрсатилган.Жиноят қонунида жиноят учун жазо белгиланмаганида, қонун жамият, давлат ва унинг фуқаролари учун зарарли бўлган хатти-ҳаракатларнинг оддий саноғидан иборат бўлиб қолар эди, жазонинг ижтимоий-сиёсий моҳияти давлатнинг жиноятчиликка қарши курашиш сиёсатига, мазкур сиёсат эса жамиятдаги ҳуқуқий мафкура, сиёсий, иқтисодий, маданий, ахлоқий ва бошқа нуфузли қарашларга ва тасаввурларга боғлиқдир.Жиноий жавобгарликни амалга оширишнинг кенг тарқалган шакли сифатида жазони қонунда белгиланганидек тахлил этиш жазонинг аломатлари ва мохиятини назарий тушуниш мақсадга мувофиқлик доирасида вужудга келади, деб хулоса қилиш имконини беради. Турли ҳуқуқий тизимларда жазонинг нима эканлиги тўғрисидаги масалага икки хил ёндашилади. Жазони содир этилган жиноят учун қасос, ўч олиш деб шарҳлайдиган ҳуқуқий тизимлар қасоскорлик назариясигаасосланади. Жазони жиноятнинг олдини олиш, тўхтатиб қолиш омили деб тушунтирадиган ҳуқуқ мактаблари эса мақсадга мувофиқлик назариясигаасосланадилар. Бизнинг жиноят қонунимизда жазонинг мохиятига жиноятчиликка қарши кураш воситаларидан, лекин бош восита деб эмас, балки ёрдамчи восита ёндошувида намоён бўлади ва бу қоида жиноят кодексининг 2-моддасида мустаҳкамланган. Яъни:

Биринчидан, жазо жиноят қонунида белгиланган давлатнинг мажбурлов чорасидир. Жиноят қонунининг ягона манбаи жиноят кодекси бўлганлиги боис жиноий жазодек мажбурлов чораси жиноят кодексидан бошқа бирон-бир ҳужжатда белгиланмаслиги лозим.

Иккинчидан, жазо оммага таъсир этиш хусусиятига эга бўлган чорадир. Жазо давлатнинг шахс, жамият ва давлат ҳуқуқ ва манфаатларини химоя қилиш учун қабул қилган қонунида белгиланган тақиқларни бузиш, ёки уларини бажармасликдан иборат муайян шахснинг жиноий хулқ-атворига қарши қаратилган мажбурий жавоб чорасидир.Давлатнинг нормал фаолиятини таъминлайдиган мазкур қонуннинг асосий ижтимоий вазифаси бутун жамият учун энг муҳим ва қимматли бўлган ижтимоий муносабатларни мухофаза қилишдан иборатдир. Шу боис жиноят содир этишда айбдор шахсларга нисбатан давлат томонидан қўлланиладиган жазо барча фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилади.

Учинчидан, жазо Судлов тизимининг таркибий қисми – суднинг ҳукми билан жиноят содир этишда айбдор ҳисобланган шахсга нисбатан қўлланиладиган чорадир. Конституциямизнинг 106-моддасида, суд хокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи хокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши қайд этилган.Конституциянинг 26-моддасида эса жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди, деб таъкидланади. Шундан келиб чиқиб, шахс фақат суднинг айблов ҳукми билан айбдор деб топилиши мумкин, агар мазкур ҳукмнинг оқибати сифатида унга жазо қўлланса.

Жазо тайинлашнинг умумий асослари, энг аввало, жиноят содир этишда қонуннинг принциплари билан боғлиқдир. ЖКнинг 10-моддасида «Қилмишда жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт» дейилади. ЖКнинг 4-10-моддаларида жиноят қонунининг 7та принципи ва уларнинг тушунчалари берилган бўлиб, жазо тайинлаш ана шу принципларнинг ҳар бири ва барчаси билан бевосита боғлиқдир. Масалан, ЖКнинг 8-моддасида одиллик принципининг тушунчаси берилган бўлиб, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак дейилади. Жиноят содир этган шахсга нисбатан унинг ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланиши ЖКнинг
42-моддасида назарда тутилган жазонинг мақсадларига эришишни назарда тутади.Жазо тайинлашнинг умумий асослари суднинг ЖК махсус қисмининг жиноят содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган моддасида белгиланган доирада умумий қисмнинг қоидаларига мувофиқ жазо тайинлашнинг бир қатор масалаларни эътиборга олишни тақозо қилади.

ЖКнинг махсус қисми моддасининг санкцияси доирасида жазо тайинланади, деганда нимани тушуниш керак? ЖКнинг махсус қисми моддаларидаги санкциялар алтернатив санкция тариқасида берилган бўлиб, суд жазо тайинлашда фақат ана шу санкцияда кўрсатилган жазолардан бирини асосий жазо сифатида тайинлайди. Бунда, суд тайинлаш учун танлаган жазо турининг миқдори ва муддати шу санкцияда кўрсатилган доирадан ташқарига чиқмаслиги керак. Масалан, ЖКнинг 173-моддаси 2-қисмида мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, миллатлараро ёки ирқий адоват ёхуд диний таассублар замирида, атрофдагилар учун хавфли усулда; кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш хақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача микдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, дейилади. Демак, бу санкцияда учта асосий жазо кўрсатилган бўлиб, суд ишдаги ҳолатлар ва айбдорнинг шахсини эътиборга олиб, шу жазолардан бирини танлаб тайинлайди. Агар жаримани тайинласа, энг кам ойлик иш хақининг эллик бараваридан кам ва етмиш беш баравардан кўп бўлмаган миқдорда тайинлайди. Ахлоқ тузатиш ишлари тайинланса, бу жазонинг муддатини уч йилдан кўп тайинлай олмайди.Озодликдан маҳрум қилишни эса беш йилдан кўп муддатга тайинлай олмайди. Аммо суд жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, санкциядаги жазолардан бирини асосий жазо сифатида тайинлайди. Шу ҳолатларга қараб, агар айбдор етказилган моддий зарарни уч карра миқдорда ўз ихтиёри билан қопласа, суд санкцияда кўрсатилган озодликдан маҳрум қилишни тайинламай, санкциядаги енгилрок жазони тайинлаши мумкин.

Жазо тайинлаш масаласига Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳам алохида аҳамият бермоқда. Олий суднинг 1996 йил 19 июлдаги 16-сонли «Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги Пленум қарорининг
1,2-бандида «Судлар оғир жиноят содир этган шахсларга, уюшган гуруҳ ташкилотчилари ва фаол иштирокчиларига муқаддам судланганларга нисбатан қаттиқ жазо чораларини қўллаши лозим. Бунда фуқароларнинг хаёти ва соғлиғига тажовуз қилиш, порахўрлик, гиёхвандлик воситалари ёхуд психотроп моддалар ва қуроллар тарқатиш каби, шунингдек, республика иқтисодиётига зарар етказувчи жиноятларни алохида хавф туғдиришини назарда тутишлари керак. Шунинг билан бирга оғир жазо чоралари ЖКнинг
7-моддаси 3-қисмига асосан, бошқа чоралар орқали эришиб бўлмайдиган ҳоллардагина тайинлаши мумкинлиги ҳам эътиборга олиниши керак», -дейилади. Суд жиноят учун жазо тайинлаганда, энг аввало, шу жазонинг субект айбининг даражасига мослиги ва унинг айбдорни тарбиялашдаги самарасини ўйлаши керак. Аммо шуни ҳам эсдан чиқармаслик керак-ки, жиноий жазо қанчалик инсонпарвар бўлмасин, айбдорга жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламаганлигига қарамай, қўрқитиш хусусияти бўлиши ва содир қилган жиноятига яраша бўлиши керак. ЖКнинг 54-моддасида, умумий қисм қоидаларига мувофиқ жазо тайинланиши хақида қайд этилган.

               ЖК умумий қисми қоидаларига мувофиқ жазо тайинлаш деганда нималар тушунилиши керак?

Маълумки, жиноят қонуни махсус қисмининг моддаларини амалга татбиқ қилишининг барча қоидалари унинг умумий қисмида кўрсатилган. Махсус қисм нормаларини кўллашда умумий қисм нормалари йўналтирувчи ва тартибга солувчи нормалар бўлиб ҳисобланади. Демак, умумий қисмининг нормалари махсус қисмнинг калити ҳисобанади. ЖКда махсус қисм моддаларига тегишли бўлмаган бирорта модда йўқ. Масалан, ЖКнинг махсус қисмида жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган бўлса, умумий қисмида жиноят тушунчаси (14-моддаси) берилган,махсус қисмида жиноятлар учун фақат жисмоний шахслар томонидан содир этилган жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, умумий қисмининг 17-моддасида жисмоний шахс, 18-моддасида ақли расолик тушунчалари берилган. ЖК махсус қисмининг кўпчилик моддаларида жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан қилинса, дейилган, иштирокчилик тушунчалари эса, 27-30-моддаларида берилган. Махсус қисм моддларида жиноят такроран, хавфли рецидивист, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилса, дейилади, уларнинг тушунчалари эса умумий қисмининг 32-34-моддаларида берилган.

ЖКмахсус қисми моддалари санкцияларида муайян доирада тайинландиган жазо турлари назарда тутилган, жазо тайинлаш қоидалари эса умумий қисмининг 57-63-моддаларида кўрсатилган ва хоказолар. Бундан ташқари, махсус қисми моддаларида назарда тутилмаган, аммо жазо тайинлашда эътиборга олиниши шарт бўлган бир қанча жиноят қонуни институтлари борки, бу институтларда шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши жиноят деб топилиб, ЖК махсус қисмининг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортиладиган бўлса, умумий қисмида назарда тутилган қоидаларнинг қўлланилишининг ўзи етарлидир. Масалан, жавобгарлик ва жазодан озод қилиш кўзда тутилган моддалар, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини кўллаш, судланганлик ва уни ҳисоблаш қоидалари факат умумий қисмда кўрсатилган. Тўғри, ЖК махсус қисмининг моддаларида ҳам жавобгарлик ва жазодан озод қилиш (масалан, ЖКнинг 211-моддаси 4-қисми, 212-моддаси 4-қисми, 248-моддаси 4-қисми ва хоказолар) кўзда тутилган, аммо жавобгарлик ва жазодан озод қилишнинг бу турлари фақат ўша модданинг ўзи учун тегишли, ҳолос. Умумий қисмдаги жавобгарлик ва жазодан озод қилишни назарда тутувчи моддалари эса ЖКмахсус қисмининг бошқа моддаларига ҳам тегишлидир, Маълумки, суд жиноят учун жазо тайинлашда айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган модданинг санкциясида кўрсатилган жазо турлари ва муддати доирасидан четга чиқа олмайди, аммо иш ҳолатларига кўра, айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган модда санкцияси доирасида жазо тайинланса, жазо адолатсиз бўлиб қолади. Суд, ЖКнинг 57-моддасида кўзда тутилган енгилрок жазо тайинлаш қоидаларини қўллаб, енгилрок жазо тайинлаши ҳам мумкин.

Мақолада интернет манбаларидан фойдаланилди.

Сурхондарё вилоят суди ЖИБ

судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси      Ж.Маматалиев

Related Articles

Back to top button