Ошиб бораётган жиноятлар хусусида
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида, “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас” деб белгиланган.
Сўнгги вақтларда, арзимаган келишмовчиликлар оқибатида фуқароларнинг бошқа шахслар баданига оғир шикаст етказиш жиноятлари камаймаяпти.
Хусусан, фуқаро Б.Азамов (исм, фамилияси ўзгартирилган) 2023 йил 11 декабрь куни Музработ туманидаги яшаш уйининг ҳовлисида таниш бўлган фуқаро билан ўзаро тортишиб, жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида яшаш уйида бўлган темир труба билан унинг ўнг елка соҳасига бир маротаба қасддан уриб, танасининг ўнг елка суягининг ёпиқ синиши тан жароҳати етказган.
Суд ҳукмига кўра, Б.Азамовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида мазкур иш кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси М.Маликов